Жаҳон | 23:03 / 31.07.2018
4113
2 дақиқада ўқилади

Руҳоний Эрон Яқин Шарқда вазиятни кескинлаштиришга интилмаслигини айтди

Фото:  РИА Новости / Сергей Гунеев

Теҳрон Яқин Шарқда вазиятни кескинлаштиришга интилмайди, деди Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Буюк Британиянинг Теҳрондаги янги элчиси Роберт Макэр билан учрашув чоғида.

"Эрон Ислом Республикаси ҳеч қачон минтақада кескинлик бўлишига интилмаган ва халқаро сув йўналишларида муаммолар келиб чиқишини истамайди, аммо нефть экспорт қилиш ҳуқуқидан ҳам воз кечмайди", — деди у.

Аввалроқ АҚШ давлат департаменти Вашингтон ўз иттифоқчиларини Эрондан нефть сотиб олишни буткул тўхтатишга чақираётганини билдирган, Америка молия вазири Стивен Мнучин эса Қўшма Штатларнинг тутган мавқеига қарамасдан Эрондан нефть сотиб олишда давом этаётган Россия, Хитой ёки бошқа ҳар қандай давлатга нисбатан АҚШ санкциялар жорий этишга тайёрлигини маълум қилганди.

Теҳрон эса нефтни ёки барча давлатлар экспорт қилишини, ёки ҳеч ким экспорт қилмаслигини билдирган, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бунинг учун Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйишга тайёрлигини айтганди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 8 май куни Вашингтон Эрон билан ядровий дастур бўйича келишувдан чиқишини эълон қилди. Трамп Эронга қарши барча санкциялар, шунингдек, у билан бизнес олиб бораётган давлатларга нисбатан ҳам санкциялар тикланишини маълум қилди. Вашингтоннинг Европадаги ҳамкорлари эса АҚШнинг бу қадамига қарши чиқишди ва Эрон билан келишув шартларига амал қилишини билдиришди.

Мавзуга оид