Саудия Арабистонида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш этилди: E-VISA, янги йўналиш, миллий таомлар
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, электрон виза (E-VISA) тизими ҳамда Тошкент-Жидда-Тошкент йўналишидаги авиарейсларнинг йўлга қўйилишига доир тақдимот ўтказилди. Бу ҳақида KUN.UZ мухбири хабар бермоқда.
Тадбирда Саудия Арабистони шайхлари, дипломатик корпус вакиллари, Туризм ассоциацияси вакиллари, Тадбиркорлар палатаси, маҳаллий турфирмалар, Ар-Риёддаги ўзбек диаспораси қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг қўллаб-қувватлаши остида IntouristUzbekistan, RixosTour ҳамда ShoshContactTravel сайёҳлик компаниялари ташаббуси билан ўтказилган тақдимот ҳақиқий ўзбекона руҳда ўтди.
"Тақдимотда қатор мутафаккирларимиз Имом Ал-Бухорий, Имом Ат-Термизий, Имом Ал-Мотуридий ва ислом илмининг бошқа бир қанча ҳадисшунос ва мутафаккирлари ислом таълимотига ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшишганига алоҳида эътибор қаратилди. Бу мутафаккирларнинг Ўзбекистонда туғилиб, илм олиб етишиб чиққани ва ислом ҳамда ҳадис илмини бутун дунёга кенг ёйгани қайд этилди. Шунингдек Бухоро ҳамда Самарқанд каби қадимий шаҳарларимизнинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди", - дейди RixosTourism бош директори Шерзод Самиғжонов.
Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Улуғбек Мақсудов 15 июль куни мамлакатда йўлга қўйилган электрон виза ва Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек Саудия Арабистонининг туристик фирмалари ташкилотчилар томонидан Ўзбекистонга кириш электрон визаларини олиш тартиби билан таништирилди.
Бундан ташқари, янги - Тошкент-Жидда-Тошкент йуналишининг очилиши бўлиб ўтди.
"Тақдимот жуда яхши ўтди. Ўзбекистондан Самарқанд нони, Тошкент лочираси, Қўқон патири ва бошқа вилоятларнинг патир нонлари, тарвуз ва қовунлар, палов масаллиқлари олиб келинди. Элчи жаноблари шахсан ўз қўллари билан катта қозонларда миллий ўзбек таомлари ҳисобланган ош ва димлама тайёрладилар, уларнинг турмуш ўртоқлари эса манти, ток оши, сомса ҳамда турли ширинликларни тайёрлаб, йиғилганларни меҳмон қилишди. Миллий таомларимиз саудияликларни лол қолдирди", - дея қўшимча қилди RixosTourism раҳбари.
Жиддада истиқомат қилувчи асли ўзбек миллатига мансуб бўлган Абу Салмон ҳам фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз муносабатини билдирди:
"Биз - Саудия Арабистонидаги ўзбеклармиз. Шу ерда туғилиб, вояга етиб, шу ерда яшаймиз. Бугун биз элчи ҳазратларининг таклифига биноан тақдимотга ташриф буюрдик. Ниҳоятда чиройли тадбир бўлди. Тошкентдан сайёҳлик йўналиши бўйича турфирмалар келди, улардан Ўзбекистонда бу йўналишда сайёҳлар учун кўплаб қулайликлар яратилаётганини эшитдик. Бундан жуда хурсандмиз ва миннатдорчилик билдирамиз. Илоҳим, кундан-кунга фақат яхши бўлаверсин. Ўзбекистонимиз - меҳмондўст. Бугун Саудия Арабистонида яшовчиларга ўзбек миллий таомлари улашилди, Ўзбекистоннинг гўзал масканлари намойиш этилди, бундан жуда шодмиз. Қани энди, ҳозирги шароитлар аввалдан бўлганда эди! Бошланган ишлар хайрли ва охири билан бўлсин, илоҳим. Соғ-саломат бўлинглар, ватандошларим".
Таъкидлаш жоизки, яқин ойларда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти Жидда шаҳрида ҳам намойиш этилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
08:10 / 12.11.2024
Ўзбекистонга Саудия компанияларининг қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялари жалб этилади
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
09:25 / 11.11.2024