Ўзбекистон | 19:25 / 02.08.2018
10341
3 дақиқада ўқилади

Сув хўжалиги вазирлиги Қашқадарёда юзага келган сув танқислигини юмшатиш мақсадида 1000 нафар ходимни жалб қилади 

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Қашқадарё вилоятидаги юзага келган сув танқислигини юмшатиш мақсадида вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларидан 1000 нафарини ғўзани суғориш ишларига кўмаклашиш учун жалб қилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Ғўза парваришида юзага келган мураккаб вазиятнинг салбий оқибатларини бартараф этиш ҳамда ҳосилга ҳосил қўшишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтилади.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳудудий сув хўжалиги ташкилотлари ходимларини ғўзани суғориш учун фермер хўжаликларига номма-ном бириктиради.

Бунда:

мавжуд сув ресурсларини оқилона тақсимлаган ҳолда ғўзани яна икки марта шарбат усулида суғоришга;

етказиб берилган кўчма эгилувчан қувурлардан самарали фойдаланишга, сув таъминоти оғир майдонларни сув билан таъминлашга;

сувчилар учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга, навбатлаб суғориш тизими жорий этилишига ва тунги суғоришга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари — молия вазири 
Ж.А.Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси, «Агробанк» акциядорлик тижорат банки «Ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик»да механизаторлар, сувчилар ва ишчиларга ҳар 5 кунда иш ҳақи нақд пулда бериб борилишини ташкил этадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда «Ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик»да ғўза парвариши бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганиш ва амалий ёрдам бериш бўйича республика ишчи гуруҳлари таркиби тасдиқланди.

Республика ишчи гуруҳлари (Мирзаев, Самадов, Юсупов, Вахабов):

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда «Ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик»да ғўза парвариши бўйича ушбу қарор билан белгиланган агротехник тадбирлар бажарилиши вертолётлар ёрдамида контурма-контур ўрганилишини ташкил этади;

ҳар бир ҳудудни ўрганиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёзма ахборот киритиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги «Ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик»да ғўзанинг ҳолатини ўрганиш учун республика ишчи гуруҳларига уларнинг буюртмаларига мувофиқ 4 та вертолёт ажратилишини таъминлайди.

Республика ишчи гуруҳлари (Мирзаев, Самадов, Юсупов, Вахабов) учун ажратилган вертолётлар харажати «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти ҳамда «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси томонидан тўлаб берилиши тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Белгилаб қўйилишича, вертолётлар учун тўловлар фақатгина ғўзани ҳолатини ўрганишда республика ишчи гуруҳлари билан биргаликда ҳавога кўтарилган вақт давомийлиги учун амалга оширилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид