Ўзбекистон | 20:08 / 03.08.2018
15183
2 дақиқада ўқилади

300 сомоний: «Tajik Air» Самарқандга авиачипталар нархини кескин туширди

«Tajik Air» авиакомпанияси Самарқандгача авиачипталар нархини икки баробардан ҳам зиёдроққа туширди. Энди бир томонлама чипта баҳоси 300 сомоний (қарйиб 273 минг сўм) ни ташкил этмоқда, деб ёзади news.tj.

«Дўст ва биродар Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари раҳбарларининг эзгу ниятларига асосланиб, шунингдек Тожикистонда 2018 йил Туризмни ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили деб эълон қилингани муносабати билан, сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида «Tajik Air» миллий авиаташувчиси чипталар баҳосини арзонлатмоқда», — дейишган компаниядагилар.

Энди бир томонга парвоз қилиш учун чипта нархи 300 сомонийни ташкил этади, — деган авиакомпания вакиллари.

«Бир йўналишга авиачипта нархи 300 сомоний, барча йиғимлар билан кассада 350 сомонийга яқин сумма ҳосил бўлади. Биз вақт ўтиши билан нархларни янада арзонлатиб, чипталарни йўловчиларимизнинг оилавий бюджети кўтарадиган ҳолатга келтирмоқчимиз», — деган «Asia Plus»га компаниянинг PR ва реклама бўйича мутахассиси Азиз Хайруллоев.

Душанбе — Самарканд — Душанбе йўналиши бўйича илк парвоз орадан чорак аср ўтиб, 28 июль куни тикланган эди. Парвоз Боинг 737-300 самолётида амалга оширилган ва бир томонга парвоз вақти 35 дақиқани ташкил этган.

Дастлабки парвозлар учун чипта нархи 650 сомоний (592 минг сўм) ни ташкил этган эди.

Мавзуга оид