Президент соғлиқни сақлашни бошқариш соҳасидаги тизимли муаммоларни маълум қилди
Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ҳужжатда қайд этилишича, ушбу соҳада соғлиқни сақлашни самарали ислоҳ қилишга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан:
биринчидан, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги оқибатида ушбу соҳадаги ислоҳотлар тўлиқ бўлмаган шаклда ва тизимсиз тарзда амалга оширилмоқда, бу эса аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини ошириш имконини бермаяпти;
иккинчидан, республика соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг хорижий мамлакатларда қўлланилаётган муваффақиятли тажрибаси ва аниқ инновацион моделлари лозим даражада ҳисобга олинмаётганлиги соҳага инвестицияларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини бермаяпти;
учинчидан, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, энг аввало, республиканинг хусусий соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларида фаолият юритаётган ходимларнинг касбий малакасини ошириш ва лозим даражада сақлаш, уларнинг кўникмалари замонавий талабларга мувофиқлиги устидан таъсирчан мониторинг тизими жорий этилмаган;
тўртинчидан, хусусий секторни ривожлантириш учун шарт-шароитларни яхшилаш орқали давлатнинг соғлиқни сақлашга харажатларини мақбуллаштиришга, шунингдек, хусусий тиббиёт ташкилотларини бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш тизимига интеграция қилишга етарлича эътибор қаратилмаяпти;
бешинчидан, клиник протоколлар ва тиббий стандартларнинг мукаммал эмаслиги, шунингдек, инновацион ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш даражасининг пастлиги аҳолига тиббий ёрдамни ташкил этишга замонавий услуб ва ёндашувларни жорий этиш имконини бермаяпти;
олтинчидан, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари тўғрисида ҳаққоний маълумотлар, шунингдек, ишончли тиббиёт статистикасининг ягона базаси шакллантирилмаганлиги соғлиқни сақлаш тизими аҳволини муносиб баҳолаш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини бермаяпти;
еттинчидан, ҳал этилмаган муаммо ва камчиликларнинг сақланиб қолаётганлиги жамиятда тиббиёт ходимларининг имиджи ва обрўсига салбий таъсир кўрсатмоқда, ушбу касб нуфузини ва мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни пасайтирмоқда.
Мавзуга оид
09:55 / 15.10.2024
Автобус йўлакларида бошқа транспортларнинг ҳаракатланиши устидан назорат кучайтирилди
07:16 / 20.08.2024
Саноатни бошқаришнинг вертикал тизими жорий этилади
07:40 / 17.08.2024
Криптология соҳасида идоралараро эксперт гуруҳи ташкил этилади
07:15 / 24.07.2024