Жаҳон | 19:41 / 10.08.2018
9923
2 дақиқада ўқилади

Анқара Туркиянинг янги иқтисодий сиёсатини эълон қилди

Фото: KUN.UZ

Туркия ғазначилик ва молия вазири Берат Олбайракнинг маълум қилишича, Анкаранинг устувор йўналишларидан бири мустақил пул сиёсатини таъминлашдир.

Молия вазирлиги раҳбари Туркия янги иқтисодий сиёсати дастурида ўз аксини топган мамлакат ҳукуматининг устувор йўналишлари ҳақида сўзлаб берди.

Туркиянинг янги иқтисодий стратегиясига кўра, ҳукумат мамлакат иқтисодиётига бўлган ишончни мустаҳкамлаш учун барча бозор иштирокчилари билан фаол мулоқот қилади, деди Олбайрак.

Вазирнинг сўзларига кўра, Туркияда иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун ҳукумат аввал инфляция билан курашади.

«Давлат бюджети мувозанатини таъминлаш ва маҳсулот сифатини ошириш мамлакат иқтисодий сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир», - деди Олбайрак. 

Молия вазирлиги раҳбарининг таъкидлашича, Туркия Марказий банки мустақил пул-кредит сиёсати юритишига алоҳида аҳамият беради. «Биз бозордаги вазиятга аралашмасликка ҳаракат қилдик. Ушбу ёндашув давом эттирилади», - деди вазирлик раҳбари.

Ғазначилик ва молия вазирининг хабар беришича, ҳукумат мамлакат парламентига Туркиянинг янги молиявий тартибга солувчи идорасини ташкил этиш ташаббусини кўриб чиқишга киритишни режалаштирган.

Туркиянинг соддалаштирилган солиққа тортиш тизими ислоҳ қилинади, дея таъкидлади Молия вазирлиги раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ турк лираси минимал рекордни янгилагани хабар берилганди.

Мавзуга оид