Жаҳон | 22:29 / 12.08.2018
10186
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Туркия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар инқирозига баҳо берди

Фото: РИА Новости / Алексей Витвицкий

Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдўған террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлайдиганлар билан ҳамкорлик қилиш ниятида эмаслигини билдирди, деб хабар берди Anadolu агентлиги.

"Биз террорчилик ташкилотини деб 81 миллионлик аҳолиси бўлган мамлакат билан шериклик ва  иттифоқчиликни қурбон қиладиганлар билан хайрлашамиз", — деди Эрдўған АҚШ билан муносабатлардаги инқирозни изоҳлар экан.

Эрдўған шунингдек, Анқара янги бирлашма ва иттифоқлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш ниятида эканлигини билдирди. У "янги бозорларга юз буриш" савдо урушига жавоб чоралари бўлишини айтди.

У Туркия "айёрона сиёсий ўйин" билан тўқнаш келганини таъкидлади. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Анқара "валюта курсидан ларзага келмоқда".

Кейинги пайтда америкалик пастор Эндрю Брансон иши сабабли Туркия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб кетди. Туркия пасторни 2016 йилнинг октябридан буён ҳибсда сақламоқда. У Туркияда террорчи ташкилот сифатида тан олинган FETO ташкилотига ёрдам бериш, шунингдек Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партияси (КИП) ни қўллаб-қувватлашда айбланмоқда.

АҚШ молия вазирлиги Брансон иши юзасидан Туркия адлия вазири Абдулҳамит Гул ва ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлуга нисбатан санкциялар жорий этди. Улар пасторнинг ҳибсга олинишида муҳим роль ўйнагани таъкидланмоқда. Бу амалдорларнинг АҚШга кириши тақиқланади, уларнинг Америкадаги активлари музлатилади.  

Бундан ташқари, Трамп Туркиядан келтириладиган пўлат ва алюминийга нисбатан бож тўлови икки марта -  20% ва 50%га оширилишини маълум қилди.

Мавзуга оид