Жамият | 19:55 / 13.08.2018
39705
4 дақиқада ўқилади

«Марғилон меҳрибонлик уйи» судланувчилари енгил жазо билан қутулдими?

​Ижтимоий тармоқларда Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаеванинг Фарғона вилоятида юз берган мудҳиш воқеа юзасидан муносабати катта муҳокамага сабаб бўлмоқда.

Фото: ЎзА

Унда айтилишича, Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи мансабдор шахсларига нисбатан чиқарилган ҳукм билан судланган шахсларга нисбатан енгил жазо тайинланган. Kun.uz мухбири масалага ойдинлик киритиш мақсадида Жиноят ишлар бўйича Фарғона вилояти судининг судьяси Раҳматжон Арапов билан суҳбатлашди.

«Албатта, жиноят қилган шахсга жазо муқаррар.

Суд Марғилон шаҳар 1-сонли Меҳрибонлик уйи директори лавозимида ишлаган Камол Якубовни ЖК 207-моддасининг 1-қисми, 115-моддасининг 1-қисми, 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 209-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топиб, унга нисбатан жиноятлар мажмуи тариқасида 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилади.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят кодекси 207-моддасининг (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисмида кўрсатилган жиноят учун, ушбу модда санкциясида, энг юқори жазо 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари этиб белгиланган.

Кодексда 115-модданинг (аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш) 1-қисмида 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 209-модданинг (мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши назарда тутилган.

Шунингдек, ЎзР ЖК 167-моддасининг (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши кўрсатилган», - дейди судья.

Қонунда судланувчи гарчи кодекснинг 167 моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилган бўлса-да, модданинг  4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди, деб кўрсатилган.

Албатта, суд жараёнида ўринли савол туғилди - масъул тарбиячилар, директор, шундай ҳолатни юзага келишида ишига совуққонлик билан муносабатда бўлган ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўриляпти, аммо туман ва вилоятдаги мутасаддилар бу ҳолдан хабардор эмасмиди?

Судья ушбуларни инобатга олиб, Меҳрибонлик уйи фаолияти устидан вазифасига кўра назорат қилиши зарур бўлган мансабдор шахсларга нисбатан қонунда белгиланган чораларни кўриш, жиноятга сабаб бўлган омилларни бартараф этиш ва уларга келгусида йўл қўймаслик чораларини кўриш ҳақида хусусий ажримлар чиқарилгани ва тарафларга эълон қилингани билдирилди.

Халқнинг оғзига элак тутиб бўлмайди, шу билан меҳрибонлик уйи масаласига якуний нуқта қўйилдими? Асло, судья Раҳматжон Араповнинг Kun.uz'га билдиришича, Меҳрибонлик уйи ходимлари ва раҳбарлари томонидан содир қилинган оғир жиноятлар–тарбияланувчиларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар бўйича жиноят иши жабрланувчиларнинг қадр-қимматини асраш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 560-моддасига кўра алоҳида иш юритувига ажратилган ва ҳозирда вилоят судининг ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилмоқда. Ёпиқ суд мажлиси тартибида кўриб чиқилаётган айни суд мажлисларининг бири тугалланган, унда судланувчига 15 йил 6 ой қамоқ жазоси тайинланган, яна бошқа юритувдаги ёпиқ суд мажлисида иш давом этмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Сайёра Хўжаева айтганидек, судланувчилар енгил жазо билан қутулиб қолгани нотўғри, улар айбланган моддалар санкцияси доирасида қатъий жазога тортилган.

Номусга тегиш, зўрлаш ва жинсий эҳтиёжини ғайриқонуний йўллар билан қондириш ҳамда шу каби оғир жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жиноят иши ёпиқ суд мажлисида давом этмоқда.

Мавзуга оид