Спорт | 18:15 / 17.08.2018
10601
4 дақиқада ўқилади

Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларининг асосий вазифалари белгиланди

Фото: Getty Images

Вазирлар Маҳкамасининг “Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳузурида олимпия захиралари марказларини ташкил этиш ва уларда ўқув-машқ жараёнини 2019/2020 ўқув йилидан амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларининг 2018/2019 ўқув йили учун ўқувчилар сони 600 нафар, Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатининг ўқувчилар сони 750 нафар этиб белгиланди.

Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларининг 6-синфга ўқишга қабул қилиш 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати тўғрисидаги низомга кўра, мактаб-интернат ихтисослаштирилган умумтаълим давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланади ва унинг фаолияти юқори малакали мутахассислар ҳамда спортнинг олимпия ва миллий турлари бўйича терма жамоаларни шакллантириш учун спорт захирасини тайёрлашга йўналтирилади.

Мактаб-интернатнинг ўқувчилар сони 550 нафарни ташкил этиб, улар 6-11-синфларда ўқитилади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатининг ўқувчилар сони 700 нафарни ташкил этади.

Қуйидагилар мактаб-интернатнинг мақсади ҳисобланади: 

ўқувчиларни чуқурлаштирилган ихтисосли ўқитиш, ҳар томонлама камол топтириш ва уларнинг спорт мутахассисликлари ва касбларини эгаллашини таъминлаш;

ёш спортчиларни истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик руҳида тайёрлаш, уларда ўз Ватани билан фахрланиш ва миллий маданий-тарихий анъаналарни ҳурмат қилиш туйғусини шакллантириш.

Қуйидагилар мактаб-интернатнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида, спорт таълим муассасалари ёки спорт клубларидан дастлабки тайёргарликдан ўтган ҳамда спорт билан шуғулланишга иқтидори бўлган, мактаб-интернатда ўқиш истагини билдирган ўқувчилар ўртасида танлов асосида мактаб-интернатда ўқишни давом эттириш учун танлаб олиш;

республика ва халқаро мусобақаларда қатнашиш учун спорт захирасини терма жамоалар таркибига тайёрлаш;

ўқувчиларнинг республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун зарур ва етарли бўлган касбий мойиллигини, маҳорати ва кўникмалари чуқур ривожлантирилишини таъминлаш, спорт тайёргарлиги таълимининг навбатдаги босқичларида ўқишини, шунингдек эгалланган мутахассислик бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишни давом эттириш;

мутахассислар ва спорт захирасини сифатли тайёрлаш учун зарур ташкилий, ўқув-методик, моддий-техник ва психологик-педагогик шарт-шароитларни таъминлаш;

давлат таълим стандарти доирасида умумтаълим ўқув дастурларини амалга ошириш;

ўқув-тарбия жараёнининг соғломлаштирувчи йўналишини амалга ошириш учун шарт-шароитларни таъминлаш, соғлом турмуш тарзи нормаларини жорий этиш.

Мактаб-интернат қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда бошқа ташкилотлар орқали халқаро мусобақаларда қатнашиш, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режасига мувофиқ чет эл мамлакатларида ўкув-машқ йиғинларини ўтказиш;

мактаб-интернатнинг тренер-ўқитувчилар таркиби ходимларини ва спортчиларини алмашиш, қўшма спорт тадбирлари, байрамлар, кўриклар, семинарлар ва шу кабиларни ўтказиш бўйича хорижий спорт ташкилотлари билан белгиланган тартибда битимлар тузиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ таълим ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида халқаро фаолиятда иштирок этиш.

Мактаб-интернат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хорижий мамлакатлар учун мутахассислар тайёрлашни амалга ошириши мумкин.

Ўқув йили 2 сентябрда бошланади ва ўқув режасига мувофиқ тугалланади.

Мактаб-интернатда ўқиш кундузги шаклда амалга оширилади. Ўқув машғулотларининг қанча давом этиши, ўқувчиларнинг ўқув юкламаси ва ўқув-тарбия жараёнининг бошқа масалалари давлат таълим стандартларига мувофиқ белгиланади.

Таълим сифати ва спорт тайёргарлик даражасини назорат қилиш давлат таълим стандарти талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Мавзуга оид