Ижтимоий аҳамиятга эга дорилар нега қиммат?
Бетоб кишининг кўзига ҳеч нима кўринмайди. Ҳаттоки, буюрилган дорининг нархи ҳам унчалик аҳамият касб этмайди. Мақсад - шу дарддан фориғ бўлиб, шифохонага қайтмаслик. Кўп ҳолларда дорилар нархи қиммат бўлса-да, савдолаша олмайсиз. Қанча нарх белгиланган бўлса, мажбуран харид қиласиз. Ушбу мавзуни бежиз таъкид билан бошламадик.
Масалан, Республика Онкогематология марказига аҳволи оғир ва зудлик билан даволанишга муҳтож беморлар мурожаат этиб келади. Билганингиздек, онкологик хасталикларни даволашга кўп пул сарфланиши сир эмас. Кўпчилик беморларнинг бунга қурби етмайди, албатта. Лекин даволанмаса ҳам бўлмайди. Хўш, улар қандай йўл тутишади?
Марказдаги бир нечта беморларнинг яқинлари билан гаплашдик. Уларнинг айтишича, бир курс муолажа олиш учун ўртача 5-6 млн. сўм сарфланади. Курслар ҳам ададсиз давом этади: ҳар мавсумда янги муолажалар бошланади. Бир неча йиллардан бери шифохона шифтига термулиб ётганларни кўриб ачинасан. Қизиққанимиз – дори нархлари борасида эди. Бу масала шу марказдаги беморларнинг энг оғриқли нуқтаси, десак муболаға бўлмас.
Узоқ вилоятдан неварасини даволатишга олиб келган онахоннинг айтишича, дори нархлари тез-тез ўзгариб турар экан: баъзан қиммат, баъзан арзон. Энг арзони 30 минг сўм бўлса, энг қиммати 1.200.000 сўм. Бунинг сабаб ва омиллари ҳам турлича. Суҳбатдошимиздан препаратлар номини ёзиб олиб, дорилар нархининг турлича ўзгариб туришини мустақил ўрганишга тушдик.
Биринчи ҳалқа: таъсирчан дори - доим қиммат
Бу борада шифокорлар фикрига қулоқ тутишдан бошлаймиз. Республика Онкогематология маркази шифокори Ҳамидхон Ниғматов “кўплаб беморлар тавсия қилинган дори нархларидан нолиш”ини айтди.
“Шундай пайтда тўғри тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Ушбу препаратлар кимёвий усулда ишлаб чиқарилгани ва Европадан импорт қилингани учун қиммат туради. Дориларнинг арзонроқ алтернативлари борми, деб кўп сўрашади. Турли давлатларда ишлаб чиқарилган битта номдаги препаратлар бўлади. Уларнинг нархлари орасида тафовут бор. Масалан, Европа мамлакатлари, хусусан, Германиядан келтирилган онкологик дорилар Япония ва Ҳиндистондаги рақобатчиларидан анча устун туради ва самарали таъсир қилади. Шунинг учун беморларга Германия препаратларини тавсия қиламиз”, дейди у.
Иккинчи ҳалқа: қиммат дорининг устама пули ҳам катта
Занжирнинг кейинги ҳалқаси дориларни етказиб берувчи сотувчи-фармацевтлардир. Узоққа бормай, Онкогематология маркази рўпарасидаги дорихоналар эшигидан мўраладик; хушмуомала фармацевтга рецептни кўрсатиб, нархларни сўрадик.
Аниқ бўлдики, рўйхатдаги энг қиммат дори – Аспарагиназа (Германия)нинг нархи 1,200,000 сўм туради. Унинг 600 минг сўмлик (Япония) ва 750 минг сўмлик (Ҳиндистон) вариантлари ҳам бор, аммо шифокор таъкидлаганидек, вақтинчалик таъсир кучига эга дорини, деярли, ҳеч ким сотиб олмайди.
Аптекачидан “нима учун қиммат нархда сотасиз?”, деб сўраганимизда, у “импорт маҳсулот ҳар доим юқори баҳоланиши ва унга 15-20% устама нарх қўйилиши” ҳақида гапириб берди. Касалхонага энг яқин иккита дорихонадаги вазият бир хил.
Кейингиларига бордик: худди шу препарат (Аспаргиназа) 100 минг сўм арзонроқ. Сал узоқлашсангиз, дори баҳоси янада пасаяди. Бунинг сабаби оддий: фармацевтлар дориларга ўзи белгилаган фоизларда нарх қўяди ва улар турли дистрибюторлар билан ишлашади. Энди буёғи виждон масаласига боғлиқ. Дорихонанинг шифохонага яқин ё узоқ масофада жойлашгани ҳам катта омил бўла олади. Ҳамма ўз куйини билганича чалаверади, деганими бу? Хулоса қилишга шошилманг. Кейинги босқичда аҳвол қандай?
Учинчи ҳалқа: божхонадан дори олиб кириш тартиби
Қани, Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси эшигини ҳам тақиллатиб кўрайлик-чи. Саволларимиз бисёр: биринчидан, Ўзбекистон ҳудудига дори воситаларини олиб кириш тартиби ҳақида маълумот зарур. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Отабек Ҳасанов қуйидагиларни маълум қилди:
“Ўзбекистон Республикасига дори воситаларини импорт қилиш учун жисмоний ва юридик шахслардан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
божхона юк декларацияси;
транспорт ҳужжатлари;
товарларни келиб чиқиш сифати;
“Ўзстандарт” агентлиги томонидан бериладиган мувофиқлик сертификати.
Олиб кирилаётган дори воситалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган махсус рўйхатда бўлиши керак. Шунингдек, дори воситалари давлат тили (ўзбек тили)да маркаланиши лозим.Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 211-моддасининг 6-бандида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ қилинмайдиган дори воситалари рўйхати тасдиқланган.
Унга кўра, юртимизга импорт қилинаётган дори воситалари умумий қийматининг 20% миқдорида давлат божи ундирилади. Бу рўйхатга кирмайдиган дори воситаларига имтиёз қўлланилади ва дори воситалари умумий қийматининг 0.2% миқдорида давлат божи олинади, холос. Бу меъёр юридик шахсларга нисбатан қўлланилади. Жисмоний шахсларга келадиган бўлсак, шахсий мақсадда олиб кириладиган дори воситаларига миқдор белгиланган. Шу меъёрдан ошиб кетмаслиги шарт.
Унга кўра, юқорида айтилган қиммат дори – “Аспарагиназа” (иньексион эритма) ни 5 ўрам (ҳар бири 10 ампула ёки 10 флакон)гача миқдорда шахсий мақсадлар учун Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш мумкин”.
Маълум қилинишича, 2018 йил бошидан 1 август кунига қадар “Аспарагиназа” номли дори божхона рўйхатида қайд этилмаган. Ўз-ўзидан аниқ бўлдики, бу дори воситаси жисмоний шахслар томонидан олиб кирилган. Лекин дорихоналарга борсангиз, “Аспарагиназа” ёки бошқа шу турдаги онкологик дори воситаларини истаганча топишингиз мумкин. Савол туғилади: ушбу дори воситаси Ўзбекистонга қайси йўллар билан олиб кириляпти?
Тўртинчи ҳалқа: қонуний йўл билан кириб келган дорини аниқлаш усули бор
Ўзбекистонга импорт қилинадиган дори воситалари бўйича назоратни амалга оширувчи ташкилот - Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази” га мурожаат қилдик.
Мутахассис “Аспарагиназа” дориси қандай қилиб Ўзбекистонга кириб келганлиги борасида фикрини айта туриб, у ҳам божхона ходимлари каби бир хил жавоб берди.
Марказ бўлим бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова шу каби онкологик дориларнинг нарх-навоси, Ўзбекистонга олиб кириш жараёни борасида тушунча берди:
“Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган дори воситалари қайд этилади ва бизнинг агентлигимиз томонидан сифати текширилади. Сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатига киритилади. Мана шу рўйхатга кирган дори воситалари ишончли ҳисобланади. Фуқароларимиз сотиб олаётган дори воситаларини Ўзбекистонга қонуний киритилганини аниқлаш учун Uzpharm-control.uz сайтига кириб, ўша дори номи ва сериясини киритишлари лозим. Шахсий мақсадларда фойдаланиш учун олиб кириладиган дори воситалари эса бу рўйхатга киритилмайди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, “Аспарагиназа” препарати юридик шахс томонидан эмас, балки шахсий мақсадда фойдаланиш учун Ўзбекистон ҳудудига киритилган ва қонунга кўра, дорихоналарда сотилиши таъқиқланади.
Онкологик дори воситаларининг қиммат нархда сотилиши масаласини атрофлича ўрганмоқчи бўлган киши бир омилни ҳисобга олиши зарур: энг аввало, бундай турдаги дори воситалари деярли маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилмайди, импорт қилинади. Хорижда ушбу препаратларни ишлаб чиқариш учун жуда катта миқдорда маблағ сарфланади. У ердан қиммат нархда сотиб олинган дори воситаси истеъмолчи қўлига етиб келгунча бир нечта “қўл”дан ўтади. Бунда табиий равишда нарх ошади.
Лекин бу, дори воситалари исталган нархда сотилади, деганимас. Масалан, сиз оддий истеъмолчи сифатида дорихонага кириб, дори воситасининг мувофиқлик сертификати, қанча нархда олинганлиги ва унга неча фоиз (қонунга асосан, 20%гача) нарх қўшилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилишга ҳақлисиз. Ушбу препарат ижтимоий аҳамиятга эга дори воситаси рўйхатида мавжуд бўлса, уни ижтимоий дорихоналардан арзонроқ баҳода (10%гача устама нархи) ҳарид қилишингиз мумкин. “Аспарагиназа” препарати Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари рўйхатида бор. Ҳамюртларимиз ижтимоий дорихоналардан бу препаратни сўраш имкониятига эгалар”.
Мутахассиснинг сўзларидан аён бўладики, ижтимоий аҳамиятга эга дорини божхона орқали расмийлаштириш, тижорат мақсадида олиб кирган тадбиркор кўп фойда топмаслиги мумкин. Бунга қонун йўл қўймайди, аммо "кулранг" схемада тарқатилаётган дориларнинг савдосини ким назорат қилади?
Хулоса шундайки, соҳада муаммоли масалалар ҳалигача ечимини кутмоқда. Уни бартараф қилишга ҳаракат қилишяпти, албатта. Лекин “қонуний” йўл билан олиб кирилаётган дори воситаларини ноқонуний савдоси тўсиқ қўйишнинг самарали механизми ишлаб чиқилмаган. Балки, бу ерда занжирнинг бизга кўринмас ҳалқалари бордир? Аҳоли орасида келиб чиқадиган норозиликларни олдини олиш учун ҳуқуқий меъёрий ҳужжат бўлиши, ноқонуний дистрибюторларнинг танобини тортиб қўйиш вақти келгандир? Муаммо борлигини кўрсатиш билан иш битмайди. Уни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар зарур. Бизнинг таклифимиз – хорижий ва маҳаллий фармацевтик компаниялар ўртасида дори етказиб бериш масаласида манфаатли ҳамкорлик амалга оширилса, барчаси қонуний равишда бўлса, юртимизга кириб келувчи дори воситаларининг нархи бироз тушармиди.
Муҳаббат Маъмирова
Мавзуга оид
07:31 / 12.11.2024
Октябрда айрим автомобиллар нархи бироз пасайди
15:24 / 07.11.2024
Биржага чиқарилаётган пропаннинг бошланғич нархига нисбатан чеклов ўрнатилди
13:10 / 02.11.2024
Октябрда 1 порция ош нархи қанча бўлгани айтилди
15:40 / 30.10.2024