Осиё ўйинларида учинчи кун якунлари. Ўзбекистонда жами 10та медал
21 август куни Индонезияда XVIII ёзги Осиё ўйинлари давом эттирилди. Баҳсларнинг учинчи кунида Ўзбекистон номидан 9 спорт тури бўйича атлетлар мусобақаларда қатнашишди. Кун якунларига кўра уч нафар спортчимиз медалларни қўлга киритди.
Сузиш
50 метрга эркин усулда сузиш бўйича баҳсларда қатнашган Алексей Тарасенко ва Хуршид Турсунов ўз гуруҳларида олтинчи натижани қайд этишди. Владислав Мустафин 200 метрга чалқанча сузиш баҳсларида бешинчи бўлиб етиб борди.
Теннис
Сабина Шарипова чорак финал йўлланмаси учун гонконглик Линг Жангга қарши ўйин ўтказди. Ўзбекистон вакиласи 5:7, 6:3, 5:7 ҳисобларида мағлубиятга учради ва яккалик баҳсларидаги иштирокини якунлади.
Нигина Абдураимова Жанубий Корея терма жамоаси аъзоси На Лаи Ханга 2:6, 2:6 ҳисобларида имкониятни бой бериб қўйди.
Шунингдек, Каримов/Файзиев жуфтлиги Хитой Тайпейи, Истомин/Дўстов тандеми эса Жанубий Корея терма жамоаси вакилларига ютқазиб қўйишди.
Слаломда эшкак эшиш
Алибек Темиргалиев ва Абубакир Буканов финалга чиқишди. Темиргалиев саралашда иккинчи, Буканов эса ўнинчи натижани кўрсатди.
Академик эшкак эшиш
Шаҳбоз Холмурзаев ва Шаҳбоз Абдужабборов жуфтлиги саралаш босқичида маррага иккинчи бўлиб етиб келишди ва тўғридан-тўғри финалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
LM4 йўналишида иштирок этган йигитларимиз финишга биринчи бўлиб етиб боришди ва финал йўлланмасини қўлга киритишди.
Оғир атлетика
Адҳамжон Эргашев икки уриниш якунига кўра 298 кг тош кўтарди ва бронза медали соҳибига айланди. Эргашев илк уринишда 128кг, иккинчи уринишда 133 кг, учинчи уринишда эса 136кг тошни тошни ўзига бўйсундира олди.
Юнон-рум кураши
-67 кг вазн тоифасида Елмурат Тасмурадов чорак финал баҳсида эронлик спортчи билан куч синашди. Бу беллашувда ўзбекистонлик курашчи рақибига 8:9 ҳисобида мағлубиятга учради.
-60 кг вазнда Исломжон Баҳромов бронза медали учун эронлик Меҳрдад Марданига қарши гиламга чиқди. Исломбек бронза медали учун жангда эронлик рақибига имкониятни бой бериб қўйди.
Таэквондо
+80 кг вазнда Дмитрий Шокин финалда эронлик рақиб билан куч синашди. 2:1 ҳисобида олдинда бораётган Шокин сўнгги лаҳзаларда ташаббусни рақибга берди ва 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ўзбекистон вакили кумуш медални қўлга киритди.
+67 кг вазнда Светлана Осипова қозоғистонлик рақибасига қарши кечган ярим финал баҳсида 9:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Шу тариқа, ўзбекистонлик спортчи бронза медали соҳибасига айланди.
-56 кг вазн тоифасида Чарос Қаюмова илк жангида Шарқий Тимор мамлакати аъзосини мағлубиятга учратди. Бироқ, таиландлик рақибасига 27-28 ҳисобида ютқазиб қўйди.
Учинчи кун мусобақаларидан кейин Ўзбекистон делегацияси жами 10 медал (1-3-6) жамғарган ҳолда умумий рейтингда 11-ўринни якунлаб турибди.