Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳрида сайёр қабул ўтказди
Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов Самарқанд шаҳар Кимёгарлар қўрғонидаги 54-умумий ўрта таълим мактабида шаҳар аҳолиси учун сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабулда вилоятдаги мутасадди идоралар, тегишли шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари ҳам қатнашди.
Вилоят ҳокими ҳар бир мурожаатни диққат билан эшитиб, муаммоларни ўз ўрнида, қўшимча ўрганиш талаб этадиган масалаларни қисқа фурсатда ҳал этиш чораларини кўрди. Мутасадди раҳбарларга муддати белгиланган ҳолда қатъий вазифа ва топшириқлар берилди. Мурожаатларнинг ҳал этилиши юзасидан жамоатчилик назорати олиб борилиши алоҳида таъкидланди.
— Ота-онамдан эрта етим қолганман, — дейди Самарқанд шаҳри Дамариқ маҳалласида яшовчи Шаҳзод Аҳматов. — Уй-жойга эҳтиёжим бор. Шу масалада ёрдам мурожаат килдим. Шу ернинг ўзида муаммо ижобий ҳал этилди. Менга кам таъминланган оилалар учун қурилган уй-жойлардан бири бериладиган бўлди.
Қабул давомида аҳоли томонидан қишлоқларда мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш, йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик сув таъминотини яхшилаш, коммунал соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, уй-жой билан таъминлаш сингари 220 та масала юзасидан мурожаатлар тушди.
Сайёр қабулдан сўнг мурожаатларни ҳал этишга масъул этиб белгиланган мутасаддилар аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилди.
Шунингдек, сайёр қабул давомида аҳоли учун Самарқанд шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази томонидан бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Ярмаркада 59 та корхона ва ташкилот 2263 та квота ва 716 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Мазкур ярмаркада 52 нафар фуқаро билан меҳнат шартномалари тузилди.
Ш.Шокиржонов, Ғ.Абдусаломов,
Kun.uz мухбирлари
Мавзуга оид
18:10 / 28.08.2024
Самарқанд вилояти ҳокимига хитойлик маслаҳатчи тайинланди
20:28 / 19.02.2024
«Боланинг отаси билан ғурурланиши эмас, ота-онанинг ўз фарзанди билан ғурурланиши муҳимроқ» — Эркинжон Турдимов
21:15 / 30.12.2023
Тажрибасиз раҳбарлар, туманлараро электропоезд, шов-шувли туннел, жамоатчиликдан умид ва шахсий ҳаёт – Эркинжон Турдимов билан суҳбат
13:27 / 04.12.2023