Ўзбекистон | 14:38 / 23.08.2018
16136
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ДУК ташкил этилмоқда

Фото: yakutsk.fishretail.ru

Вазирлар Маҳкамасининг “Балиқ ишлаб чиқарувчи” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар  тўғрисида”ги 2018 йил 6 апрелдаги ПҚ-3657-сон қарорига мувофиқ Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлигига суд қарори билан берилган мол-мулк ва ер участкалари, шу жумладан, сув ҳавзалари негизида “Балиқ ишлаб чиқарувчи” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган.

Бошқарув ходимларининг умумий сони 5 нафардан иборат бўлган “Балиқ ишлаб чиқарувчи” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси давлат унитар корхонаси ташкил этилмоқда.

Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашига, зарурат бўлганда, Дирекциянинг тузилмаси ва ходимлари сонига инвестициялар ҳажми ва лойиҳалар сонидан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Белгилаб қўйилишича, “Балиқ ишлаб чиқарувчи” эркин иқтисодий зонаси қатнашчиларига ер участкалари бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 январдаги 29-сон қарори билан тасдиқланган Эркин иқтисодий зоналар қатнашчиларига ер участкалари бериш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ амалга оширилади. 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда ҳар йили келгуси йиллар учун ривожланиш давлат дастурини шакллантиришда белгиланган тартибда уларга “Балиқ ишлаб чиқарувчи” эркин иқтисодий зонасининг муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар киритилишини назарда тутади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда “Балиқ ишлаб чиқарувчи” эркин иқтисодий зонасида балиқ етиштиришни янада ривожлантириш, инвесторларни жалб этиш ва уларни жойлаштириш “йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексига киритади;

келгуси йилларда ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш шарти билан 2018-2020 йиллар давомида Дирекцияга маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан асосланган ҳисоб-китоблар бўйича зарур маблағлар ажратади;

иккита автотранспорт воситаси, жумладан битта енгил ва битта йўл танламайдиган автомобиль харид қилиш учун зарур маблағлар, шунингдек, уларни сақлаш учун лимит ажратади;

бир ой муддатда Дирекцияни Тошкент вилояти, Қуйи Чирчиқ тумани, Қўрғонча қишлоғи “Балиқчи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилишини таъминлайди. 

Мавзуга оид