Жаҳон | 22:45 / 24.08.2018
5131
1 дақиқада ўқилади

Италян кемасидаги африкалик муҳожирлар очлик эълон қилишди 

Фото: Reuters

Италия соҳиллари яқинида Diciotti кемаси бортидаги африкалик муҳожирлар очлик эълон қилишди. Бу ҳақда Италия соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Давиде Фараоне маълум қилди.

“Мен порт бошқармасидан Diciotti бортидаги вазият сабабли кескинлик ошаётганидан ҳозиргина хабар топдим, муҳожирлар очлик эълон қилишибди”, деб ёзган Фараоне твиттерда.

Фараоненинг айтишича, муҳожирлар очликни қанча давом эттиришлари номаълум. Кемадаги муҳожирларнинг аксарияти эритреяликлардир.

Бортида 177 муҳожир бўлган кема Мальта ҳукумати муҳожирларни қабул қилишни истамагандан кейин Сицилия томон йўл олган. Бироқ Италия ички ишлар вазири Маттео Сальвини кемадаги 27 нафар балоғатга етмаган муҳожирни қабул қилишга рухсат берган, қолган муҳожирлар ҳанузгача кемада қолмоқда.

Шу воқеадан кейин Италия ҳукумати Европа давлатларини муҳожирларни қабул қилиш бўйича мажбуриятларини бажармаётганлари учун танқид қилган ва Европа Иттифоқи бюджетига бадалларни тўламаслик билан пўписа қилган. 

Мавзуга оид