Ўзбекистон | 20:10 / 24.08.2018
12323
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Франция университетларидан бирининг филиали очилиши кутилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация Францияда Париж Академияси ректори, Иль-де-Франс Академик минтақаси вазири Ж.Пеко билан учрашди. KUN.UZ ҳукуматдаги манбасига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Музокаралар давомида ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим йўналишидаги ҳамкорлик, Ўзбекистонда Франция олий таълим муассасалари филиалини очиш, шунингдек шартнома-ҳуқуқий базасини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Икки мамлакат таълим вазирликлари ўртасида ҳамкорликка доир янги битим ва дастурлар имзоланишига келишилди.

Ж.Пеко Ўзбекистон таълим тизимидаги муваффақиятли ислоҳотларни диққат билан кузатаётганини алоҳида таъкидлаб, мамлакат раҳбариятига француз тили ва маданияти тарғиботи масаласига бўлган юқори эътибор учун миннатдорчилик билдирди.

Музокаралар якунларига кўра, Тошкент шаҳрида Франция университетларидан бирининг филиалини очиш, Ўзбекистонда икки мамлакат Олийгоҳлар ректорларининг биринчи саммитини ўтказиш, қўшма факультет ва кафедраларни таъсис этиш, шунингдек педагог ва талабалар алмашуви борасида келишувга эришилди.

Энг аввало туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини ривожлантириш мақсадларида томонлар яқин орада Париж Академияси ва Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида 2019-2021 йиллар учун мақсадли Ҳамкорлик дастурини имзолашга тайёр эканликларини билдиришди.

Академия вакили шунингдек Ўзбекистон Маданият вазирлиги қошида Француз маданият маркази фаолиятини йўлга қўйишда иштирок этиш истагини билдирди.

Эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида 2018 йилнинг сентябрида Ўзбекистон делегациясининг Францияга ташрифи режалаштирилмоқда. Ушбу ташриф давомида француз ошхонаси ва меҳмонхона-ресторан бизнесининг махсус тақдимоти ташкил қилинади.

Мавзуга оид