Ўзбекистон | 17:41 / 25.08.2018
10017
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида ҳам ресторан ва кафелар иши 23:00дан сўнг тақиқланиши режалаштирилмоқда

Фото: Afisha.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Тошкент вилояти ҳокимлигининг “Жамоат тартибини сақлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда айтилишича: 

алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берувчи рухсат гувоҳномалари асосида ишловчи ихтисослаштирилган дўконлар ва алоҳида савдо заллари (секциялар) томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш маҳаллий вақт билан соат 21:00 дан 09:00 га қадар;

алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномалари мавжуд умумий овқатланиш корхоналари, ресторан, кафе, бар ва тунги клублар (меҳмонхоналар ва меҳмон уйлари бундан мустасно) томонидан мижозларга хизмат кўрсатиш маҳаллий вақт билан соат 23:00 дан 09:00 га қадар тўхтатилади.

Мазкур қарорнинг 1-бандида ўрнатилган қоидани бузиш энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

вилоят ички ишлар органлари ўз ваколатлари доирасида мазкур қарорнинг 1-бандида ўрнатилган қоидага риоя этилишини текширадилар;

маъмурий жавобгарликка тортиш ҳолатлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар туман (шаҳар) ички ишлар бўлимлари (бошқармалари) бошлиқлари ёки уларнинг ўринбосарлари томонидан тузилади ҳамда бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича ашёвий далиллар (фото- ва видеоматериаллар ҳамда камида иккита холис иштирокида тузилган далолатнома) билан бирга ўрнатилган тартибда маъмурий судларга ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш учун юборилади;

ашёвий далил сифатида дўконлар, алоҳида савдо заллари (секциялар), умумий овқатланиш корхоналари, ресторан, кафе, бар ва тунги клублардан алкоголли маҳсулотлар, назорат-касса машиналари, банк терминаллари ҳамда савдо-сотиқ ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бошқа воситалар олиб чиқилмайди;

тадбиркорлик субъектини мазкур қарорга мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлар томонидан унинг фаолиятини тўхтатиб туришга асос бўлмайди.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси (А.Алламуродов):

ваколат доирасида мазкур қарорнинг 1-бандида ўрнатилган қоидага риоя этилишининг текширилишини ҳамда маъмурий жавобгарликка тортиш ҳолатлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларнинг тузилишини;

тузилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича ашёвий далиллар (фото- ва видеоматериаллар ҳамда камида иккита холис иштирокида тузилган далолатнома) билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб бир суткадан кечиктирмай маъмурий судларга юборилишини таъминлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фойдаланувчилар ИИВнинг кафе ва ресторанлар ишини 23:00дан кейин тақиқлаш ҳақидаги лойиҳасини танқид қилишганди. 

Мавзуга оид