Ўзбекистон | 21:18 / 30.08.2018
7297
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Халқаро таълим бўйича Америка кенгаши ваколатхонаси очилди

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Ўзбекистонда American Councils for International Education ноҳукумат ташкилоти ваколатхонасининг очилиши Вашингтон ва Тошкент ўртасидаги стратегик ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганлигидан гувоҳлик беради. Бу ҳақда журналистларга АҚШ давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Хезер Науэрт маълум қилди.

«Биз ҳозирда Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлардан фахрланамиз. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов билан

Халқаро таълим бўйича Америка кенгаши ваколатхонасининг очилиш маросимида иштирок этди», – дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради ТАСС.

«Бу Ўзбекистонда 15 йилдан ортиқроқ вақт давомида рўйхатга олинган дастлабки Америка ноҳукумат ташкилоти бўлади. Буларнинг барчаси АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг кучаяётганлиги ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг жиддий ислоҳотлар ўтказишга ва халқаро ҳамкорликка интилаётганидан дарак беради. Бу мамлакатларимиз халқларининг алоқалари ривожланаётганлигининг исботидир, зеро «Америка кенгаши» АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида академик ва маданий алмашувлар учун кўплаб имкониятлар тақдим этади», – деди Науэрт.

American Councils for International Education – АҚШдаги ноҳукумат ташкилот бўлиб, халқаро алмашувлар ва талабалар, магистрлар, ўқитувчилар стажировкаси ҳамда университетлар ўртасидаги ҳамкорлик ва алоқаларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади. ОАВнинг билдиришича, Ўзбекистонда мазкур ташкилот ваколатхонаси 1995 йилдан иш бошлаган, аммо 2006 йилда суд қарорига кўра ёпилган: хабар қилинишича, ташкилот ўзбекистонлик 100дан ортиқ мактаб ўқувчиларини ноқонуний равишда АҚШда ўқишга олиб кетган.

 

Мавзуга оид