Жаҳон | 22:38 / 06.09.2018
46829
3 дақиқада ўқилади

Энг кўп мультимиллионерлар яшовчи шаҳар номи эълон қилинди

Фото: Depositphotos

Нью-Йорк дунёнинг энг кўп мультимиллионерлар яшовчи шаҳри мақомини қўлдан чиқарди, 2017 йилда 30 миллион долларлик капиталга эга нью-йоркликлар сони 7 фоизга (8865 кишига) ошган. Шундай бўлса-да, Ҳонконгда уларнинг сони деярли уч бараварга ўсган ва 10 мингдан зиёдни ташкил қилган. 

Wealth-X компанияси ҳисоботига кўра, 2017 йил охирига бориб дунёда камида 30 миллион доллардан пулга эгалик қилувчи 255 810 киши (Ultra high-net-worth individuals, UHNWI) қайд этилган. Экспертларнинг ҳисоб-китоб қилишича, бир йил ичида мультимиллионерлар сони 12,9 фоизга ошган, уларнинг умумий маблағи эса 31,503 триллион долларга етиб, 16,3 фоизга ўсган. 

Мазкур сумманинг бироз кам учдан бир қисми (9,205 триллион доллар) 2754 нафар миллиардерга тегишли. Шунингдек, 500 миллиондан 1 миллиард долларгача маблағга эга 4326 киши 3 триллион долларга эгалик қилади. Бундан ташқари, 30-50 миллион доллар молиявий ҳолатга эга 122,47 минг киши 4,663 триллион долларни назорат қилади.

UHNWI сони ўтган йили дунёнинг барча йирик минтақаларида ўсди, бироқ янги мультимиллионерлар энг кўп Осиё мамлакатларида пайдо бўлгани қайд этилган. Бу минтақада бадавлат кишилар сони 18,5 фоизга ўсган, уларнинг умумий бойлиги эса 26,7 фоизга ошган. 

Таққослаш учун, Шимолий Америкада UHNWI бир йилда 9,5 фоизга, Европада эса 12,8 фоизга кўпайди. Мультимиллионерларнинг умумий сони ва уларнинг жами бойлиги бўйича Осиё Европага яқинлашиб қолди (68,97 минг-8,365 трлн долларга қарши 72,57 минг-8,773 трлн доллар), келаси йил Осиё бу кўрсаткичларига кўра Европага етиб олиши кутилмоқда. 

UHNWI сони бўйича ҳозирча Шимолий Америка етакчилик қилмоқда, 2017 йил якунларига кўра, 30 миллион доллар ва ундан ортиқ бойликка эга кишилар сони 90,44 мингни ташкил қилган, уларнинг жами бойлиги эса тахминан 11 триллион долларга баҳоланган. Шимолий Америка мультимиллионерларининг аксарияти АҚШда яшайди. 

Яқин келажакда UHNWI сони бўйича АҚШ етакчилигига ҳеч бир давлат рахна сола олмайди, уларнинг сони рейтингнинг кейинги беш мамлакатдаги бадавлат кишилар умумий кўрсаткичидан ҳам кўп, булар - Япония, Хитой (Ҳонконг ва Макаони ҳисобга олмаганда), Германия, Канада ва Франция. 

Мавзуга оид