Ўзбекистон | 02:44 / 07.09.2018
8213
2 дақиқада ўқилади

Мисрда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди

Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти намойиш этилди. Тақдимот Миср Араб Республикасидаги Ўзбекистон элчихонаси ҳамда RixosTour ва IntoutistUzbekistan компаниялари томонидан ўтказилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда Мисрнинг етакчи туристик компаниялари, авиа ва транспорт компаниялари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишган. 

Тадбирда Ўзбекистоннинг Миср Араб Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда рўй бераётган ислоҳотлар, сармоядор ва ишбилармонлар учун яратилаётган имкониятлар билан таништирди. Шунингдек, элчи Миср бизнес элитасини инвестицион лойиҳалар бўйича ҳамкорликка чорлади. 

Тақдимот давомида RixosTour компанияси раҳбари Эргаш Самиғжонов сўзга чиқиб, соҳа вакилларини Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш йўлида яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар, E-Visa ва янги хизмат турлари  билан таништирди. 

Бундан ташқари, RixosTour туристик компанияси чартер рейсларни йўлга қўйиш мақсадида Egyptair ва AirCairо авиакомпаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказди. 

Тадбир сўнгида мисрликлар Қоҳирадаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан ўзбек миллий таомлари билан меҳмон қилинди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу тақдимот маросими Миср Араб Республикаси президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисийнинг Ўзбекистонга ташрифи олдидан бўлиб ўтган. 

Мавзуга оид