Ўзбекистон | 22:54 / 07.09.2018
15046
2 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабзда KOICA касб-ҳунарга қайта ўқитиш ва малака ошириш ўқув маркази иш бошлади

Фото: Камиль Еникеев

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Шаҳрисабзда Корея Республикаси делегацияси билан учрашиб, KOICA касб-ҳунарга қайта ўқитиш ва малака ошириш ўқув марказини кўздан кечирди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари Kun.uz'га шу ҳақида хабар беришди. 

Шаҳрисабз шаҳрига Корея Республикаси делегацияси ташриф буюрди. Делегация таркибида Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси Кван Ёнг У, Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг бош офиси вице-президенти Бек Сеук Хи хоним, агентликнинг Ўзбекистондаги офиси директори Сон Сонг Ил жаноблари ва бошқалар ташриф буюришди. Делегация вакиллари Шаҳрисабзда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Низомов билан учрашишди. 

Учрашув аввалида Азиз Абдуҳакимов кўп йиллардан бери Ўзбекистон тараққиётига катта ҳисса қўшиб келаётган кореялик ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаб, меҳмонларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Шундан кейин Корея делегацияси вакиллари ҳам сўзга чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ривожидан мамнун эканликларини баён этишди. 

Тадбирнинг асосий қисмидан сўнг делегация аъзолари йирик комплекснинг фаолияти билан танишиш мақсадида замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган KOICA марказини кўздан кечиришди. 

KOICA касб-ҳунарга қайта ўқитиш ва малакасини ошириш ўқув маркази 240 нафар ўқувчини қабул қилиш имкониятига эга, у 60 ўринли ётоқхона ва шунча ўринли ошхона билан таъминланган. 

Тадбир сўнгида Азиз Абдуҳакимов Корея Республикаси делегацияси вакилларига зар чопонлар тақдим этди. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид