Жаҳон | 07:32 / 10.09.2018
6198
2 дақиқада ўқилади

Парижда афғон миллатига мансуб кимса одамларга ҳужум қилди

Фото: Gonzalo Fuentes/Reuters

Парижнинг 19-округида афғон миллатига мансуб кимсанинг пичоқ ва темир хивич билан одамларга ҳужум қилиши оқибатида 7 киши жабрланди. Ҳужум маҳаллий вақт билан соат 22:45да содир этилган. Бу ҳақда Le Parisien нашри хабар берди. 

Жиноятчи дастлаб MK2 кинотеатрида одамларга ҳужум қилган. Сўнгра кинотеатр ёнида петанк ўйини ўйнаётганларга ҳужум қилган. Жабрланувчилар жиноятчининг эътиборини чалғитишмоқчи бўлишган. Шундан кейин афғон Анри Ногер кўчасида икки британиялик сайёҳга ҳужум қилган. BFM TV телеканалининг маълум қилишича, 5 жабрланувчи шифохонанинг жонлантириш бўлимига етказилган. 

Таъкидланишича, полицияда ушбу ҳужум теракт бўлганига далиллар йўқ.    

23 августда ҳам шунга ўхшаш воқеа Париж яқинидаги Трапп коммунасида содир бўлган. Пичоқ билан қуролланган эркакнинг ҳужуми оқибатида 2 аёл ҳалок бўлган, бир эркак жиддий жароҳат олган. Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган, бироқ унинг жиноят билан алоқадорлиги исботланмаган. Маълум қилинишича, жиноятчи Францияга хавф солувчи шахслар рўйхатида ҳисобда турган.

Мавзуга оид