Жаҳон | 13:08 / 10.09.2018
16612
2 дақиқада ўқилади

Россия ФХХ Украинани айблаб чиқди

Фото: Александр Рюмин/ТАСС, архив

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Смоленск областида ИШИД халқаро террорчилик ташкилотининг аъзосини қўлга олди. У Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) топшириғи билан «ДХР» раҳбарларидан бирини ўлдиришга тайёргарлик кўрган, деб хабар тарқатди ТАСС ФХХнинг Жамоатчилик билан алоқалар марказига таянган ҳолда.

9 сентябрь куни Россия фуқароси, 1988 йилда туғилган, Доғистон Республикасидан бўлган Мажид Габибулаевич Магомедов қўлга олинди. У Украина Хавфсизлик хизмати ва «Правий сектор» раҳбарларининг топшириғи билан ўзини мустақил деб эълон қилган «Донецк халқ республикаси» раҳбарларидан бирини ўлдиришни режалаштирган, дейилади хабарда.

31 август куни Донецк марказидаги «Сепар» кафесида юз берган портлаш натижасида икки киши ҳалок бўлди, улар орасида ўзини мустақил деб эълон қилган «Донецк халқ республикаси» («ДХР») раҳбари Александр Захарченко ҳам бор.

Шундан сўнг Украина разведкаси Захарченкога суиқасдни ким ташкиллаштирганини маълум қилди. Қайд этилишича, ўзини мустақил деб эълон қилган «Донецк халқ республикаси» собиқ етакчиси Александр Захарченкога суиқасдни Россия томони ташкиллаштирган.  

Мавзуга оид