Ўзбекистон | 12:30 / 11.09.2018
9389
2 дақиқада ўқилади

Кувайт фонди қишлоқ жойларда йўллар ва сув таъминоти тармоқлари қуриш учун 30 млн доллар ажратди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Кувайт араб иқтисодий тараққиёт фонди иштирокида “Қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши бўйича муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Ҳужжатда қайд этилишича, 2018 йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон ва Кувайт араб иқтисодий тараққиёт фонди (КАИТФ) ўртасида 9 млн Кувайт динори (эквивалентда 30 млн АҚШ доллари) миқдорида 24 йилга заём келишуви имзоланган. У Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида “Қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши бўйича муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади.

Қайд этилишича, лойиҳани амалга ошириш доирасида ташқи муҳандислик тармоқлари ва транспорт коммуникациялари қурилишини ўз вақтида якунлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди ва унинг давлат экспертизаси ўтказилди.

Қарорга кўра, лойиҳани амалга оширишнинг умумий координацияси Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги томонидан бажарилади. Лойиҳанинг умумий реализацияси ва КАИТФ маблағларидан мақсадли фойдаланиш учун масъул ижро этувчи орган - “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ.

2018 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида “Қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши бўйича муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш доирасида ташқи муҳандислик тармоқлари ва транспорт коммуникацияларини қуриш бўйича кўрсаткичлар қуйидагича:

Қорақалпоғистон Республикаси - 16 км автомобиль йўллари, 20 км сув таъминоти тармоқлари;
Қашқадарё вилояти - 34 км ва 61 км;
Самарқанд вилояти - 24 км ва 43 км;
Сурхондарё вилояти - 21 км ва 17 км;
Тошкент вилояти - 23 км ва 27 км;
Фарғона вилояти - 19 км ва 31 км;
Жами - 138 км автомобиль йўллари ва 198 км сув таъминоти тармоқлари. 

Мавзуга оид