Жаҳон | 21:35 / 12.09.2018
4587
2 дақиқада ўқилади

Ғарбий Европа аҳолисининг вегетарианликка ўтиши сув харажатларини 50 фоизга қисқартиради

Фото: Олег Сабитов

Ғарбий Европа аҳолисининг рационга камдан-кам ҳолатлардагина гўштни қўшишни кўзда тутувчи соғлом овқатланиш тизимига ўтиши сув харажатларини 11-35 фоизга қисқартириш имконини беради. Агар минтақа аҳолиси вегетарианликка ўтса, истеъмол қилинаётган сув ҳажми 55 фоизга камаяр экан. Nature Sustainability журналида чоп этилган тадқиқот натижалари шундан далолат бермоқда. 

Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, бир британияликка овқат тайёрлаш учун кунига 2757 л сув талаб қилинади. Германия ва Францияда бу кўрсаткич баландроқ - 2929 ва 3861 л. Олимлар бундай фарқни ушбу мамлакатлар аҳолисининг овқатланишга доир одатлари фарқланиши билан изоҳлашмоқда. Масалан, французлар кўпроқ гўшт истеъмол қилиб, вино ичишади - бу маҳсулотларни ишлаб чиқаришга эса жуда кўп сув сарфланади. 

Ушбу ҳисоб-китоблар асосида тадқиқотчилар бу мамлакатлар аҳолисининг гўшт истеъмолидан тўлиқ ё қисман воз кечган тақдирда, атроф-муҳитга эҳтимолий таъсир натижаларига доир прогноз қилишди. 

Агар немислар, французлар ва британияликлар соғлом овқатланишга ўтишса (Жаҳон соғлиқни сақлаш тавсияси асосида тузилган рационга биноан), сув истеъмоли 11-35 фоизга қисқаради. Агар европаликлар пескетариан парҳезни танлашса, яъни гўшт истеъмолини балиққа алмаштиришса, таом тайёрлашга 30-35 фоиз камроқ сув сарфланади, агар вегетариан бўлишса, 55 фоизга камроқ. 

Олимларнинг таъкидлашича, европаликларнинг овқатланиш билан боғлиқ одатларини носоғлом дейиш мумкин, зеро уларнинг рационида мева ва сабзавотлар кам. Одатларни ўзгартириш эса осон кечмайди. Тадқиқотчилар муаммо ечими сифатида носоғлом егуликка  солиқ киритишни таклиф қилишмоқда.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид