Иқтисодиёт | 21:19 / 12.09.2018
4506
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Беларусь ўзаро савдо ҳажмини қарийб уч бараварга оширади

Ўзбекистон ва Беларусь ўзаро товар алмашиш ҳажмини 2017 йилдагига нисбатан қарийб уч бараварга ошириб, йилига 500 млн долларгача етказишни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Жорий йилда икки томонлама савдо ҳажмини йилига 500 млн долларгача етказиш учун барча захираларга эга. Ўзбекистон экспорт ҳажмини, хусусан қўшимча қиймат солиғи бўлган маҳсулотлар экспортини сезиларли даражада ошира олади», – деди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Нодир Отажонов.

У Ўзбекистон-Беларусь бизнес-форумида чиқиши чоғида Беларусь президентининг кейинги 23 йил ичидаги илк ташрифининг муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. 

«Савдо ҳамкорлигини кенгайтириш устувор йўналишлардан саналади. Бу икки давлат раҳбарларининг бўлажак учрашувида асосий масала бўлади. Беларусь Ўзбекистоннинг МДҲ маконидаги анъанавий савдо шериги ҳисобланади», – деб қўшиб қўйди Отажонов.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосарининг маълум қилишича, 2017 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 60%дан кўпроққа ошди ва қарийб 182 млн долларни ташкил этди. Жорий йилнинг январь-август ойларида товар алмашиш ҳажми 253 млн долларга етди ва 2017 йилнинг бутун давридаги кўрсаткичдан сезиларли даражада ошди.  

12 сентябрь куни Беларусь президенти Александр Лукашенко Тошкентга расмий ташрифини бошлади.

Беларусь президентининг расмий ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар 13 сентябрь куни бўлиб ўтади. У эртага Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказади. Музокаралар тор шаклда ва делегациялар аъзолари иштирокидаги кенгайтирилган шаклда бўлиб ўтади. 

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик, ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш ва Ўзбекистонда талабгир бўлган техника ишлаб чиқариш бўйича йиғиш корхоналарини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид