Иқтисодиёт | 17:19 / 12.09.2018
7131
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Хитой товар айланмасини 20 млрд долларгача оширмоқчи

Ўзбекистонга Шанҳай сиёсий-ҳуқуқий комиссиясининг бош котиби Ченг Ин бошчилигидаги Хитой Халқ Республикаси делегацияси ташриф буюрди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Ташриф  доирасида  Тошкент  шаҳар  ҳокимиятида  мазкур  делегация  вакиллари  иштирокида учрашув  бўлиб  ўтди.

Унда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилиб, хитойликлар томонидан балиқчилик, қуруқ мевалар ва ёнғоқ етиштириш бўйича таклифлар ва бир қатор лойиҳалар тақдим этилди.           

Учрашув чоғида икки мамлакат иқтисодиётининг асосий тармоқлари бўйича ҳамкорлик амалга оширилаётгани, узоқ муддат давомида товар айланмасини 20 миллиард АҚШ долларигача ошириш кўзда тутилганлиги таъкидланди. 

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Ўзбекистонда хитойлик сармоядорлар иштирокида 700 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Тошкентда «Ўзбекистон-Хитой савдо уйи» очилди ва Хитой саноат ва тижорат корхоналари ассоциацияси фаолият кўрсатмоқда.

Шунингдек, ҳокимият вакилларининг эътироф этишича, 1994 йилда Тошкент ва Шанҳай биродарлашган шаҳарлар бўлган ва 2019 йилда ушбу муҳим воқеанинг 25 йиллиги нишонланади. Учрашув якунида хитойлик меҳмонларга Тошкент шаҳар ҳокимияти улар тақдим этган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши ва ушбу ташриф ўзбек-хитой алоқаларининг янада ривожланишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Мавзуга оид