Спорт | 16:37 / 17.09.2018
9541
11 дақиқада ўқилади

«Ливерпуль» ва «Челси» – Чемпионлик учун ким фаворит? АПЛда тур якунлари

Юрген Клопп ва Маурисио Сарри жамоаси Англия Премьер-лигасини йўқотишсиз давом эттирмоқда. 5-турда «Ливерпуль» жиддий рақиблардан бири «Тоттенҳэм»ни сафарда мағлубиятга учратди.

«Тоттенҳэм» - «Ливерпуль» - 1:2 (0:1)
Голлар: Вейналдум, 39 (0:1). Роберту Фирминьо, 54 (0:2). Ламела, 90+3 (1:2). 
«Тоттенҳэм» (Лондон): Форм, Триппьер, Алдервейрелд, Вертонген, Роуз, Дайер (Ваньяма, 83), Уинкс (Сон Хин Мин, 73), Дембеле (Ламела, 60), Эриксен, Лукас, Кейн.
«Ливерпуль»: Алиссон, Александр-Арнолд (Матип, 90), ван Дейк, Гомез, Робертсон, Милнер, Вайналдум, Кейта (Старриж, 83), Салоҳ, Роберту Фирминьо (Хендерсон, 74), Мане.

Бошқа стадион
Шанба куни Лондон шимолида байрам бўлиши - «Тоттенҳэм»нинг янги стадиони очилиши маросими ўтказилиши керак эди. «Уайт Ҳарт Лейн» стадиони реконструкцияси 2017-18 йилги мавсум бошида бошланган, баъзан жамоа ўйинлари вақтида стадион атрофида иш олиб борилганди.

«Шпорлар»нинг янги 62 минг кишилик стадиони қисқа вақт ичида қуриб битказилиши назарда тутилганди. «Тоттенҳэм» 2017-18 йилги мавсумни ва 2018-19 йилги мавсумнинг стартини «Уэмбли»да ижара асосида ўтказишни, 5-турда «Ливерпуль»га қарши ўйинда янги стадионнинг очилиш маросими кутилганди. Барчасига улгуриш учун қурувчилар ўтган мавсумда «Уайт Ҳарт Лейн»даги охирги ўйиндан кейиноқ уни бузишга киришганди.

Аммо бу ёрдам бермади. Ёзда «Тоттенҳэм» қурилиш ишлари кечикаётгани туфайли Англия футбол ассоциациясидан «Уэмбли»нинг ижара муддатини 15 декабрга қадар узайтиришни сўради. Клуб мухлислардан узр сўраб, стадионда хавфсизлик тизимидаги ҳолат жойида эмаслиги туфайли уларни стадионга кирита олмаслигини маълум қилди.

Вейналдумнинг тавқи лаънати ечилди
«Уэмбли»да эса барча тизим яхши ишламоқда. Айнан голни аниқлаш тизими туфайли «Ливерпуль» биринчи бўлимда олдинга чиқиб олди: Вейналдумнинг бош билан берган зарбасини Ворм дарвоза чизиғи ичкарисидан қайтарди. Ўйин ҳаками Майкл Оливернинг қўлидаги соатда «Goal» ёзуви порлади, шунга қарамасдан «Тоттенҳэм» футболчилари бир муддат ҳакам билан баҳслашиб туришди.

Қайд этиш керакки, бу Вейналдумнинг Англиядаги фаолияти давомида илк марта сафар ўйинида гол уриши бўлди. 2015 йилда «Ньюкасл»га келган футболчи ўтган вақт давомида 18 гол урганди, у фақат 19-голинигина сафар учрашувида уришга муваффақ бўлди. 

Умуман олганда, биринчи бўлим у қадар томошабоп бўлмади, «Тоттенҳэм»нинг марказий чизиғи футболчилари - Дайер, Дембеле ва Уинкснинг хатоларигина хавфли вазиятларни келтириб чиқарди. Шундай хатолардан бири бурчак зарбасига, бурчак зарбаси эса Вейналдумнинг голига олиб келди.

Ўйиндан олдин жароҳат олган Ллорис ўрнига Почеттино Мишель Вормни ўйнатишга мажбур бўлди. Бельгиялик дарвозабон эса икки марта кулгили хатога йўл қўйди ва икки сафар ҳам рақиб гол урди. Вейналдумнинг кучсиз зарбасини дарвоза ичида туриб қайтарган Ворм иккинчи бўлимда тўпни Фирминонинг оёқлари остига ташлаб берди.

Ўйин охирида Клопп асабийлашишга мажбур бўлди. Дастлаб Ламела ўткир бурчакдан Алисон дарвозасини ишғол этди. Кейин Сон Хин Мин жарима майдони ичида йиқилиб, пенальти сўради. Аммо мерсисайдликлар ғалабани сақлаб қолишди ва чемпионат стартида 5 ғалабали серия қайд этилди. Бу «Ливерпуль» учун тарихда учинчи марта мавсумни кетма-кет 5 ғалаба билан бошлаш бўлмоқда.

Қизил марафон
Бу ўйин ўтган мавсумнинг энг яхши тўпурарлари учун омадсиз кечди. Кейн 90 дақиқа давомида фақат бир марта ноаниқ зарба берган бўлса, Салоҳда икки марта қулай вазият бўлганди. Аммо икки ҳолатда ҳам Ворм ишончли ҳаракат қилди. Мисрлик футболчи ўтган йилги формасига қайта олмаяпти. У 5 турда атиги 2 гол билан кифояланди.

«Ливерпуль»ни олдинда қийин график кутиб турибди. «Тоттенҳэм» тўсиғидан ўтиб олган Клопп шогирдларини энди октябрь ойи ўртасигача бир қатор кучли рақиблар кутиб турибди: «ПСЖ», «Наполи», «Манчестер Сити» ва икки марта «Челси»га қарши ўйинлар (бири АПЛ доирасида, иккинчиси Англия Лигаси Кубоги доирасида).

«Челси»да ҳам ғалабали серия

«Челси» – «Кардифф» 4:1 (2:1, 2:0)
Голлар: 0:1 – 16 Бамба, 1:1 – 37 Азар, 2:1 – 44 Азар, 3:1 – 80, пенальти Азар, 4:1 – 83 Виллиан. 
«Челси» – Аррисабалага, Давид Луиз, Алонсо, Аспиликуэта, Рюдигер, Ковачич (Баркли, 50), Жоржиньо, Педро (Виллиан, 68), Канте, Азар (Дзаппакоста, 84), Жиру.
«Кардифф» – Этериж, Моррисон, Беннетт, Манга, Бамба, Артер (Ричардс, 46), Роллс, Рид (Патерсон, 71), Камараса, Хойлетт, Уорд (Мэдин, 77).

«Стэмфорд Бриж»даги ўйин кутилмаган гол билан бошланди. Ўйин бошидаёқ уэльсликлар жамоаси фахрий футболчиси Бамба ҳисобни очди. У премьер лигадаги илк голини 33 ёшида урди. Бунгача АПЛда дебют голини энг кеч урган футболчи Златан Ибраҳимович бўлганди. 

Бу гол уэльсликларнинг ўйиндаги ягона муваффақияти бўлиб қолди. Ўйиннинг қолган қисмида Эден Азар ҳет-трикни расмийлаштирди. Виллиан якуний ҳисобни ўрнатди.

«Челси» қаторасига бешинчи ғалабадан кейин турнир жадвалида тўплар нисбати яхшилиги эвазига «Ливерпуль»дан ўзиб кетди. Маурисио Сарри Англия Премьер-лигаси тарихидаги мавсумни қаторасига 5 ғалаба билан бошлаган тўртинчи мураббийга айланди. Сарригача бундай натижани Карло Анчелотти («Челси», 2009/10), Хосеп Гвардиола («Манчестер Сити», 2016/17) ва Крэйг Шекспир («Лестер, 2016/17) қайд этганди.

«Манчестер Сити» – «Фулҳэм» 3:0 
Голлар: 1:0 – 2 Сане, 2:0 – 21 Сильва, 3:0 – 47 Стерлинг. 
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Лапорт, Отаменди, Уокер, Делф (Гюндоган, 67), Сильва, Фернандиньо, Стерлинг (Маҳрез, 74), Бернарду Силва, Сане, Агуэро (Габриэл Жезус, 54).
«Фулҳэм» – Беттинелли, Моусон, Одои, Кристи, Сери (Замбо-Ангисса, 56), Сессеньон, Юхансен, Макдоналд, Шюррле, Вьетто (Айите, 69), Митрович.

Хосеп Гвардиола ниҳоят, мавсумда илк марта Лерой Санени ўйин қайдномасига киритди. Германиялик футболчи эса ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ «Фулҳэм»ни «кўмиб қўйди». Кейин «Манчестер Сити»да юбилерлар вақти келди, Давид Силва Англияда голлари сонини 50тадан оширган тўртинчи испаниялик футболчига айланди, Стерлинг эса «шаҳарликлар» жамоасининг Гвардиола бошқарувидаги 200-голини урди.

«Ньюкасл» – «Арсенал» 1:2 (0:0, 1:2)
Голлар: 0:1 – 49 Чака, 0:2 – 58 Ўзил, 1:2 – 90 Кларк.
«Ньюкасл» – Дубравка, Дамметт, Йедлин, Фернандес, Ласселс (Кларк, 46), Диаме, Ритчи (Муто, 79), Хэйден, Мерфи (Кенеди, 69), Перес, Хоселу.
«Арсенал» – Чех, Мустафи, Монреаль, Беллерин, Папастатопулос, Чака, Рэмзи (Уэлбек, 80), Гендузи (Торрейра, 46), Ўзил, Обамеянг (Мхитарян, 69), Ляказетт.

«Арсенал» бу турда «Ньюкасл» меҳмони бўлди ва ғалаба билан қайтди. Унаи Эмери жамоасида кайфият яхши. Стартда «Сити» ва «Челси»дан учралган мағлубиятлардан кейин жамоа қаторасига 3 ғалаба қайд этди. Жамоа 2017 йил майидан буён илк марта қаторасига икки сафар ўйинида ғалаба қозонди. Бу ғалабани Чаканинг жарима зарбасидан йўллаган голи ва Ўзилнинг «Арсенал» либосидаги юбилей 200-учрашувидаги голи таъминлади. Ўйин охирида Кларк «Ньюкасл»нинг жавоб голига муаллифлик қилди. Унаи Эмери шогирдлари қаторасига учинчи ғалаба эвазига турнир жадвалида 9 очко тўплаган ҳолда 7-ўринга кўтарилди. «Ньюкасл» эса 5 ўйиндан кейин 1 очко билан охирги ўринлардан бирида жойлашган.

«Уотфорд» – «Манчестер Юнайтед» 1:2 
Голлар: 0:1 – 35 Лукаку, 0:2 – 38 Смоллинг, 1:2 – 65 Грэй. 
«Уотфорд» – Фостер, Кэткарт (Саксесс, 88), Холебас (Мазина, 84), Янмат (Фемения, 72), Кабаселе, Хьюз, Дукуре, Капу, Перейра, Дини, Грэй.
«Манчестер Юнайтед» – Де Хеа, Смоллинг, Янг, Валенсия (Байи, 90), Линделеф, Матич, Феллайни, Лингард (Марсиал, 71), Погба, Санчес (Мактомини, 84), Лукаку.
Огоҳлантиришлар: Капу (34), Холебас (36), Матич (70), Валенсия (81).
Четлатиш: Матич (90)

«Уотфорд» ғалабали сериясини тўхтатишга мажбур бўлди. «МЮ» биринчи бўлимдаёқ 2 гол уриб, масалани ҳал қилиб қўйди. Айниқса, Смоллингнинг голи ўзига хос чиқди.

Лукаку эса «МЮ» сафидаги 20-голини урди. Бунинг учун у 39 марта майдонга чиқишига тўғри келди. Бу борадаги сермаҳсулликни «қизил иблислар» сафида илгари ван Нистелрой (26 ўйинда 20 гол), ван Перси (32) ва Дуайт Йорк (34) уддалаганди.

Лекин Жозе Моуриньо жамоаси учун бу осон ғалаба бўлмади. Ўйин охирида кутилмаган ўзгаришлар рўй берди, жамоа қаторасига иккинчи ўйинни камчилик билан тугатди. 90-дақиқада Матич қизил карточка олиб, майдонни тарк этди, қўшиб берилган дақиқаларда Де Хеа муқаррар голдан сақлади.

«Борнмут» – «Лестер» 4:2 (3:0, 1:2)
Голлар: 1:0 – 19 Фрэйзер, 2:0 – 37 Фрэйзер, 3:0 – 41, пенальти Кинг, 4:0 – 81 Смит, 4:1 – 88, пенальти Мэддисон, 4:2 – 89 Олбрайтон.
«Ҳаддерсфилд» – «Кристал Пэлас» 0:1 (0:1, 0:0)
Гол: 0:1 – 38 Заа.
«Вулверҳэмптон» – «Бёрнли» 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 61 Хименес.
«Эвертон» – «Вест Ҳэм» 1:3 (1:2, 0:1)
Голлар: 0:1 – 11 Ярмоленко, 0:2 – 31 Ярмоленко, 1:2 – 45 Сигурдссон, 1:3 – 61 Арнаутович.

Бугун тур доирасидаги охирги ўйин «Саутҳэмптон» ва «Брайтон» ўртасида бўлиб ўтади.

Тўпурарлар

Турнир жадвали

Мавзуга оид