Нью-Йорк шаҳрида «Мустақиллик кубоги-2018» мусобақаси ўтказилди
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик кунига бағишлаб ҳар йили анъанавий тарзда “Мустақиллик кубоги” мусобақаси ўтказиб келинади. Унда океан орти давлатида яшаётган ва фаолият олиб бораётган ҳамюртларимиз ўртасида футбол ўйини ташкил қилинади. Шу йилнинг 15 сентябрь куни ҳам Нью-Йоркда Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице президенти маслаҳатчиси Санъат Шарипов ҳамкорлигида мазкур футбол байрами бўлиб ўтди. Бу ҳақда Uff.uz сайти хабар бермоқда.
Мусобақага АҚШнинг 9та штатидан 12та жамоа ташриф буюрди. Футбол байрамида Ўзбекистоннинг дипломатик миссия вакиллари ҳам иштирок этди. Улар орасида “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги консуллик идораси, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан ҳам вакиллар қатнашишди.
Мусобақа жуда чиройли тарзда ташкил қилинди. Катта қозонда 70 кг.ли ўзбекча палов дамланиб, болалар учун кўнгилочар тадбирлар уюштирилди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси Бахтиёр Ибрагимов нутқ сўзлаб, жумладан, шундай деди: “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб яқиндагина Нью-Йорк маркази “Уолл стрит”да юртимиз байроғи кўтарилганди. Мана бугун эса яна бир ажойиб байрам гувоҳига айланаяпмиз. “Мустақиллик кубоги-2018” мусобақасини ҳозирданоқ жуда юқори савияда ўтади, деб ҳисоблашимиз мумкин. Сабаби АҚШнинг 9та штатидан 12та жамоанинг йиғилганини кўриб хурсанд бўлиб турибмиз. Бугун меҳмонлар қаторида шаҳарнинг Бруклин тумани маъмуриятидан жаноб Давид Йохансоннинг айнан мана шу тадбирга келганлиги ўзбекистонликларнинг АҚШда ҳам ўз ўрни борлигидан далолатдир. Барча иштирокчиларга омад тилайман!”.
Шундан сўнг бир-биридан қизиқарли бўлган баҳслар бошланди. Ярим финалга энг кучли тўртта жамоа йўл олди.
Финалда бўлса, Пенсильвания штатининг “Дўстлик” ҳамда Нью-Йоркнинг “Marokand” жамоалари ўзаро кураш олиб боришди. Ўйиннинг асосий дақиқаларида 2:2 ҳисоби қайд этилди. Қўшимча бўлимларда ҳам яна биттадан голлар киритилди, якуний ҳисоб 3:3 бўлди.
Кейин ғолиб номини пенальтилар сериясида аниқлашга киришилди. Унда, умумий 7:6 ҳисоби қайд этилиб, "Marokand" жамоаси ғолиб бўлди. 3-ўрин учун баҳсда Нью-Йоркнинг икки "Пахтакор" ва "Кайманс" жамоалари ўзаро куч синашди. Унда пахтакорчилар 3:1 ҳисобида ғалабани қўлга киритишди ва мусобақанинг 3-ўрнини эгаллашди.
Ташкилотчилар мусобақани кейинги йил ҳам ўтказишга келишиб олишди.
Фотосуратлар муаллифи: Ciprian Anton
Мавзуга оид
00:47 / 21.09.2023
Шавкат Мирзиёевнинг Ню-Йоркка ташрифи якунланди
10:57 / 08.09.2023
Нью-Йорк мэри ноқонуний муҳожирлар оқими шаҳарни вайрон қилиши мумкинлигини айтди
10:56 / 10.06.2023
Нью-Йоркда тутунли ҳаво яна бир неча кунга сақланиб қолади
22:30 / 08.06.2023