Ўзбекистон | 21:58 / 18.09.2018
38048
4 дақиқада ўқилади

«Қишлоқ қурилиш инвест» компаниясидан Зангиота туманидаги ҳолат бўйича тушунтириш бериш сўралмоқда

Фото: ЎзА

«Қишлоқ қурилиш инвест» компанияси Тошкент вилояти филиали томонидан ҳукумат қарори билан белгиланган низом талабларидан четга чиққан ҳолда, ўзбошимчалик билан фуқаролардан қўшимча ҳужжат талаб қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати Расул Кушербаев фуқароларнинг мурожаатлари ва жойда олиб борилган ўрганишлардан сўнг, шундай хулоса келган. 

«Президент қарори билан уй-жойга муҳтож оилаларни узоқ муддатли кредит ҳисобига уй-жой билан таъминлаш тизими йўлга қўйилган. Албатта, бу қувончли ҳодиса. 

Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган низом талабларига кўра, туман ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган махсус комиссия фуқароларнинг уй-жой шароитларини ўрганиш натижалари бўйича фуқарога кейинчалик инжиниринг компанияси ва тижорат банкига тақдим этиш учун ёзма тавсия бериши ва ушбу тавсиянинг бир нусхаси талабгор томонидан дастлабки шартномани тузиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш учун инжиниринг компанияси филиалига тақдим этилиши кўрсатиб ўтилган.

Бироқ, компаниянинг Тошкент вилояти филиали томонидан низом талабларидан четга чиқиш ҳолат юз бермоқда. Яъни, компания вакиллари ўзбошимчалик билан фуқаролардан қўшимча ҳужжат, туман ҳокимининг махсус шакллантирилган ва тасдиқланган рўйхатида бўлишни талаб этмоқда», дейди депутат «Kun.uz» мухбири билан суҳбатда. 

Депутатнинг таъкидлашича, компания филиали комиссия ва туман ҳокими алоҳида-алоҳида субъектлар эканлигини англамаяпти. 

«Бу фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қўпол равишда бузилиши билан бирга инжиниринг компанияси ва ҳокимликлар ўртасида коррупцион вазият вужудга келишига ва ҳукумат қарори билан ваколат берилган комиссиянинг хулосаси билвосита ҳақиқий эмаслигига олиб келмоқда», деб қўшимча қилади Кушербаев. 

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»​ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасига кўра, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.

Вилоят филиали масъулларининг низом талабларига зид равишда Зангиота туманида яшовчи фуқаролардан туман ҳокимининг махсус шакллантирилган ва тасдиқланган рўйхатида бўлишни талаб қилиши, қонуний ёзма тавсияга эга фуқароларни компания билан дастлабки шартнома тузиш ҳуқуқидан маҳрум этилишига олиб келмоқда.

Шунингдек, туман ҳокимлиги уйга талабгорлар учун ёзма тавсия бериш комиссия ваколатида экани ва ҳокимликнинг инжиниринг компанияси филиали учун алоҳида рўйхат тасдиқлаб беришга ҳуқуқий асоси йўқлигини билдирмоқда. Масалан, фуқаро Ю.Болибекова шу йилнинг май ойида 78 миллион сўм маблағни бошланғич бадал пули сифатида шакллантирган. У Зангиота туманидаги «Тариқ-тешар»​ маҳалласи ҳудудида қурилаётган уй-жой учун комиссиянинг ёзма тавсиясини олганди, аммо инжиниринг компаниясининг филиали фуқаронинг туман ҳокимлиги «рўйхати»​да  мавжуд бўлмагани важи билан ёзма тавсияномани қабул қилмаган. Яна кўплаб фуқаролар шундай сарсонгарчиликка дуч келишмоқда.

Мазкур ҳодиса юзасидан Расул Кушербаев «Қишлоқ қурилиш инвест»​ компанияси бош директори Қудратбек ​Ҳошимбековга депутатлик сўрови юборган. «Парламент назорати тўғрисида»​ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига асосан, депутат сўрови 10 кунлик муддатда ​кўриб чиқилгач, ушбу муддатда асослантирилган ва ҳақиқатга мос ахборот тақдим этилиши шарт.

Мавзуга оид