Ўзбекистон | 18:57 / 28.09.2018
16293
4 дақиқада ўқилади

Сенаторлар Бош вазир ўринбосарига парламент сўрови юборди

Фото: KUN.UZ

​Қишлоқ хўжалигида норасмий бандлик даражасини қисқартириш ҳамда ишчиларни ижтимоий ҳимоялаш, шу билан уларнинг пенсия таъминоти кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича давлат назоратининг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоровга парламент сўрови юборилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Сенатор Баҳодир Тожиевнинг айтишича, ғалла ҳосилдорлиги ва аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан оқилона фойдаланиш, ғўзадан кафолатли ҳосил яратишда парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш борасида республиканинг барча ҳудудларида ўрганишлар олиб борилди. 

Ўрганишлар доирасида жойларда аҳоли билан ўтказилган мулоқотлар давомида қишлоқ хўжалигидаги меҳнат муносабатлари билан боғлиқ айрим муаммолар мавжудлиги аниқланди.

«Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида, хусусан фермер хўжаликларида норасмий бандлик даражаси юқори. Агарда, рақамларга эътибор қаратсак, жорий йил бошида Ўзбекистонда фаол юритаётган 146 мингдан зиёд фермер хўжалиги тасарруфидаги умумий экин майдони 6 миллион 200 минг гектарни ташкил этган. Бунда ҳар бир фермер хўжалигига ўртача 42 гектар ер майдони тўғри келади.

«Президент қарорига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда талаб этиладиган меҳнат ва моддий ресурслар сарф меъёрлари белгиланган», дейди сенатор Тожиев. 

Унга кўра, фермер хўжалиги тасарруфидаги майдонда қишлоқ хўжалиги ишларини бажариш ва маҳсулот етиштириш учун 1 миллион 500 мингга яқин ишчи кучи талаб этилади. 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, фермер хўжаликларида 2 миллиондан ортиқ ишчи банд бўлиб, шундан фақатгина 522 минг нафари ёки 26 фоизи расман ишлайди. Бошқа 1,5 миллион киши норасмий ишчилар ҳисобланади. 

Баҳодир Тожиевнинг билдиришича, норасмий банд бўлган ишчилар ва иш берувчилар ўртасида ўзига хос меҳнат муносабатлари шаклланган. 

«Бунда меҳнатга ҳақ тўлаш аксарият ҳолларда норасмий усулда, яъни расман ҳисобга олинмаган нақд пул шаклида ёки буғдой, ем-хашак, ғўза поя ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бериш орқали амалга оширилади», дейди Тожиев. 

Юқорида қайд этилган ҳолатлар меҳнат қонунчилиги талаблари бўйича тартибга солинмаган, ишчиларга меҳнат дафтарчаси очилмайди ва иш стажи ҳисобланмайди. Расман иш ҳақи фондига ягона ижтимоий тўловнинг ҳисобланиши ва бошқа сабаблар туфайли фермерлар меъёр талабларига кўра амалда зарур ишчи кучини меҳнат шартномаси асосида расмийлаштиришдан манфаатдор эмас. 

Расмий статистикага кўра, 2016-2017 йиллар таҳлилига мувофиқ тўлиқсиз иш стажи билан пенсия тайинланаётганлар сони ҳар йили ўртача 6 фоизга кўпайиб бормоқда. Бу эса бир умр қишлоқ хўжалигида банд бўлган 70 фоизга яқин одам белидан кучи кетганда муносиб пенсия ва ижтимоий ҳимоядан маҳрум бўлишини англатади. 

Шу туфайли, сенаторлар Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга парламент сўровини юбориб, ушбу ҳолатнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига бўлган таъсирини чуқур ўрганиб, Қўчқоровдан масала юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг нуқтаи назарини баён қилиши сўралган.

Мавзуга оид