Жаҳон | 14:15 / 29.09.2018
12785
2 дақиқада ўқилади

Россия БМТ кучларини Донбассга киритишга рози бўлди

Фото: Wikimedia

Россия Донбассда ЕХҲТ кузатувчиларига БМТ қўриқлаш хизматини беришга рози бўлди. Бу ҳақда БМТ Бош ассамблеясида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилган.

«Биз Украинада ЕХҲТ миссияси фаолиятини қўллаб-қувватлаймиз, унинг кузатувчиларига БМТ қўриқлаш хизматини беришга тайёрмиз. Бироқ, Киев Минск келишувларини бажариш, Донецк ва Луганск билан мулоқот ўрнига Донбассга Ғарб қўллаб-қувватлови остида ишғол этиш кучларининг киритилиши ҳақидаги иллюзиялар билан яшамоқда. У кўпроқ куч сценарийлари билан таҳдид қилмоқда», - дея маълум қилди Лавров.

Россия дипломатияси раҳбарининг таъкидлашича, чўзилиб кетган ички Украина можаросининг омилларидан бири - радикал-миллатчилик ва неофашизмнинг ўсиши, «бунда СС байроқлари остида жанг қилган жиноятчилар қаҳрамонлар деб эълон қилинди». «Ҳозирги Киевдаги ҳокимиятни қўллаб-қувватлаётганлар ўз шогирдлари тўғри йўлга бошлаши, уларни Донбасс қамалини ва бутун Украина ҳудудида миллий озчиликларни камситишни тўхтатишга мажбурлаши лозим», - дея хулоса қилди Лавров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Порошенко АҚШнинг кўмаги Россияни тийиб туришда ёрдам бераётгани ҳақида маълум қилганди. 

Мавзуга оид