Спорт | 18:30 / 30.09.2018
6155
2 дақиқада ўқилади

«МЮ» Зидан билан музокара бошлагани ҳақидаги хабарни инкор этди

«Манчестер Юнайтед» раҳбарияти «Реал»нинг собиқ бош мураббийи Зинедин Зидан билан музокаралар ўтказилаётгани ҳақида тарқалган хабарларни бемаънилик деб атади.

Telegraph хабарига кўра, франциялик мутахассис ушбу клубда ишлашга қизиқмоқда, аммо «МЮ»дагилар ишонч билан айтишмоқдаки, у билан алоқа ўрнатилмаган.

Хабарда айтилишича, клуб айни вақтда фақат бир нарсани, Жозе Моуриньо жамоани ҳозирги инқирозли ҳолатдан олиб чиқа оладими, ёки йўқми, шуни муҳокама этмоқда.

«Манчестер Юнайтед» айни вақтда Англия Премьер-лигаси турнир жадвалида ўнинчи ўринда бормоқда.

Стартдаги 7 турда «қизил иблислар» 10 очко жамғаришди. Бу 1989/90 мавсумидан бошлаб ҳисобланса, жамоа тарихидаги иккинчи энг ёмон стартдир. 

Аввалроқ, «Манчестер Юнайтед» 2013/14 мавсумида, Дэвид Мойес қўл остида 7та ўйинда 10 очко жамғарган эди.

Шу йилнинг майида «Реал»дан кетган Зидан айни вақтда ишсиз юрибди.

The Sun маълумотига кўра, Зидан ҳозирда Лондонда бўлиб турибди ва инглиз тили курсларига қатнамоқда.

Мавзуга оид