Жамият | 20:49 / 03.10.2018
22382
2 дақиқада ўқилади

“Йўқолиб қолган” хитойлик актриса Фан Бинбинга 70 млн доллар жарима солинди 

Хитой ҳукумати мамлакатнинг энг катта ҳақ олувчи актрисаларидан бири Фан Бинбин ва унинг компанияларига солиқ тўламагани ва бошқа қонунбузарликлар учун 479 млн юан (70 млн доллар) жарима солди. 

Аввалроқ бир қатор ОАВ актриса бир неча ой омма олдида кўринмагани ва уни ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳибсга олган бўлиши мумкинлиги маълум қилинган. Бироқ Хитой солиқ бошқармасининг маълум қилишича, актриса йўл қўйган қоидабузарлик учун фақатгина жаримага тортилган. 

Жаримадан ташқари, актриса ва унинг манфаатларини билдирувчи фирмалар 255 млн юан миқдорида яширилган солиқ ва ушбу тўловлар кечиктирилгани учун пеня сифатида 33 млн юан тўлаб беришлари керак бўлади. Актрисага даромадларини яширишга ёрдам берган иккита компания эса 51 млн ва 65 млн юан миқдорида жарима тўлайди.

Актрисага нисбатан текширув у ўз солиқ тўловларини камайтириш мақсадида фильмлар учун икки хил шартнома тузиши ҳақидаги маълумот пайдо бўлгандан кейин бошланган. 

Цзянсу вилояти солиқ бошқармаси маълумотларига кўра, актриса “Эгиб бўлмас ирода” (Unbreakable Spirit, 2018) фильмидаги роли учун 30 млн юан (4,4 млн доллар) миқдорида гонорар олган. Бироқ актриса ушбу суммадан фақат 10 млнидан солиқ тўлаган, қолган суммани эса солиқ идораларидан иккинчи норасмий шартнома орқали яширган. 

Агар актриса ва тегишли компаниялар тегишли солиқлар, фоизлар ва жарималарни муддатида тўламаса, иш суд идораларига топширилади ва уларга нисбатан жиноий тергов олиб борилади.

Аввалроқ Хитой интернетида бир қатор катта ҳақ олувчи актёрлар “ин-ян” деб аталувчи шартномалар тузиши ҳақида хабар пайдо бўлган. Унга кўра, шартномалардан бирида улар оладиган ҳақиқий гонорар, иккинчисида эса камайтириб кўрсатилган гонорар кўрсатилади. Гонорар суммаси камайтириб кўрсатилган шартнома солиқ идораларига топширилиб, даромадларнинг бир қисмини яширишга имкон беради.

Мавзуга оид