Ўзбекистон | 19:20 / 03.10.2018
49766
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Юнусобод туманига ҳоким этиб тайинланди

Раҳмонбек Усмонов

2018 йилнинг 3 октябрь куни Халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. 2018 йилнинг апрель ойидан Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Раҳмонбек Жаҳонгирович Усмонов Юнусобод тумани ҳокими этиб тайинланди.

Маълумот учун: Раҳмонбек Усмонов 1960 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек. Маълумоти олий. 1982 йил Тошкент автомобиль йўллари институтини тамомлаган. «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

2012–2018-йилларда Тошкент шаҳар ҳокими бўлиб ишлаган. 2018 йил апрель ойидан шу кунга қадар  - Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 11 сентябрь куни Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов катта миқдордаги пора билан қўлга олингани хабар қилинди.

Манбанинг маълум қилишича, Б.Абдусаматов инвесторга жой тақдим этиш мақсадида 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида олаётган вақтида ушланган. 

Жорий йилнинг июль ойи ўрталарида Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов қўлга олингани ҳақида турли хабарлар тарқалганди.

Бироқ, Бош прокуратура матбуот хизмати «Kun.uz» мухбири билан суҳбатда собиқ ҳоким устидан жиноий иш очилгани ҳамда бир қатор айбловлар билан унга нисбатан тергов ҳаракатлари бошлангани ҳақида интернетда тарқалган маълумотни рад этди.

Мавзуга оид