Жаҳон | 23:59 / 07.10.2018
8033
2 дақиқада ўқилади

АҚШ-КХДР: Помпео ва Ким нималарни муҳокама қилишди?

Фото : Twitter/@SecPompeo

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео якшанба куни Пхеньянга ташриф буюриб, КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан учрашди ва бу учрашув муваффақиятли ўтганини қайд этди.

КХДР етакчиси Ким Чен Ин АҚШ давлат котиби билан учрашувда Пунгири ядровий полигони йўқ қилинганини таъкидлаб, бунга ишонч ҳосил қилиш учун мамлакатга инспекторларни таклиф қилди.

Помпеонинг Ким Чен Ин билан ўтган учрашувида АҚШ ва КХДРнинг Сингапур саммитида Трамп ҳамда Ким томонидан имзоланган қўшма баёнотидаги тўрт пункт муҳокама қилинди.

Шунингдек, маълум қилинишича, томонлар АҚШ президенти Дональд Трамп ва КХДР етакчиси Ким Чен Ин ўртасида ўтказилиши режалаштирилаётган иккинчи саммит билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишган ҳамда "келгуси саммит ўтказиладиган жой ва сана вариантлари"га аниқлик киритишган.

Учрашувда шунингдек АҚШнинг КХДР бўйича махсус вакили Стивен Бигун, КХДР томондан Корея ишчилар партияси Марказий қўмитаси директори биринчи ўринбосари Ким Йо Чен ҳам иштирок этган.

Помпео якшанба куни Ким Чен Ин билан Корея ярим оролида денуклеаризацияга эришишга йўналтирилган икки соатлик музокаралардан сўнг Жанубий Кореяга борган. Бу Америка давлат котибининг КХДРга тўртинчи ташрифидир. Душанба куни Помпео Пекинга ташриф буюради ва у ерда ҳам ҳукумат вакиллари билан учрашувлар ўтказади. Давлат котиби шунингдек Японияда ҳам бўлиб, у ерда бош вазир Синдзо Абэ ва ТИВ раҳбари Таро Коно билан учрашди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Twitter'да Пхеньянда бўлиб ўтган учрашувни ижобий баҳолашини қайд этди.

"Давлат котиби Помпео КХДР етакчиси Ким билан яхши учрашув ўтказди. Сингапурдаги саммит баёноти бўйича келишувларга эришилди. Яқин келажакда Ким билан яна учрашишга умид қиламан", - деб ёзади Оқ уй эгаси.

Мавзуга оид