23:19 / 08.10.2018
14422

Франциянинг “энг машҳур маҳбуси” очлик эълон қилгани маълум қилинди  

Фото: AP Photo / Lionel Cironneau

Матбуот томонидан Франциянинг “энг машҳур маҳбуси” деб аталувчи, босқинчи- рецидивист Редуан Фаид очлик эълон қилди. Бу ҳақда Figaro нашри маълум қилмоқда.   

Фаид ўтган ҳафта қўлга олинган. У вёртолёт ёрдамида қамоқдан қочгандан кейин 3 ой қочоқликда юрган.

Маҳбус очлик эълон қилиши ҳақида унинг иши билан шуғулланаётган терговчини ёзма равишда огоҳлантирган. Нашр маълумотларига кўра, Фаид унга яширинишда ёрдам берган танишлари ва бирга яшаган аёли ушланганига норозилик сифатида очлик эълон қилган.  

Маҳбус сақланаётган турма раҳбарияти унинг ўзига зиён етказиб қўймаслиги учун барча зарурий чораларни кўрган. Маълум қилинишича, Фаид юқори хавфсизлик режими амал қиладиган бир кишилик камерада кишанланган ҳолда сақланмоқда.

Фаид Париж яқинидаги турмадан 1 июлда қочишга муваффақ бўлган. У турмани Бельгияда рўйхатдан ўтган вертолётда тарк этган. Кейинчалик вертолёт Париж яқинидаги бошқа ҳудудда ёниб кетган ҳолда топилган.

5 йил аввал ҳам Фаид турмадан қоча олган. Ўшанда у турма деворини портлатиб, бир неча қўриқчини гаровга олишга муваффақ бўлган.

Top