Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО Бош директори билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида ушбу ташкилот Бош директори Одри Азуле билан учрашди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти - ЮНЕСКО 1945 йил 16 ноябрда тузилган. Унинг асосий мақсади таълим, фан, маданият, коммуникациялар, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга кўмаклашишдир. Норасмий равишда «БМТнинг ақл лабораторияси» деб аталади. Жавоҳарлал Неру ўз вақтида ЮНЕСКОга «инсоният виждони» деб таъриф берган.
Бугунги кунда ташкилотга 195та мамлакат аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон ЮНЕСКОга 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган.
Шавкат Мирзиёев Франция Республикасига расмий ташриф ЮНЕСКОдаги учрашувдан бошлангани чуқур маъно ва муҳим аҳамиятга эга эканини, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот билан ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаган.
Одри Азуле Ўзбекистон раҳбарини ташрифи билан самимий қутлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик ривожида ушбу учрашув ғоят муҳимлигини қайд этган.
Ўзбекистон ЮНЕСКО Ижроия кенгаши таркибига икки марта сайланган. Ушбу ташкилот билан биргаликда халқаро миқёсда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Фарғоний, Имом Бухорий, Камолиддин Беҳзод, қадимий шаҳарлар Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Самарқанд, Марғилон ва Тошкент, «Алпомиш» достони ва «Авесто» китоби, шунингдек, Хоразм Маъмун академиясининг юбилейлари кенг нишонланди. Бухоро шаҳри ташкилотнинг «Тинчлик тарафдори бўлган шаҳарлар» соврини билан тақдирланган.
Усмон Масҳафи ва Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» рўйхатига киритилган.
Хивадаги «Ичан қалъа» мажмуаси, маданиятлар чорраҳаси - Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабзнинг тарихий марказлари, шунингдек, Чотқол биосфераси ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Шошмақом, Бойсун маданий макони, Катта ашула, аския, ош, Наврўз, атлас ва адрас ишлаб чиқариш технологиялари ташкилотнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги ўзбек мусиқий маданиятини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва оммалаштиришга ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, ЮНЕСКО кўмагида Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда бир марта «Шарқ тароналари» халқаро фестивали ўтказиб келинмоқда. Жорий йил сентябрь ойида Шаҳрисабзда илк бор Халқаро мақом санъати форуми ўтказилди.
Ўзбекистон раҳбарининг яқинда қабул қилинган қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий ваколатхонаси таъсис этилди.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам истиқболли ва муҳимдир. Ўзбекистон «Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида жисмоний ва маънавий баркамол шахсни тарбиялашга қаратилган сиёсатни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон раҳбари ўтган йил сентябрь ойида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва Бош Ассамблеянинг «Маърифат ва диний бағрикенглик» номли резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди.
ЮНЕСКО Бош директори Ўзбекистон президентининг ушбу ташкилот шафелигида тинчлик ва бағрикенглик маданиятини шакллантириш, экстремизмнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги халқаро институт ташкил этиш, Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳузурида Таълимда ахборот-коммуникация технологиялари бўйича минтақавий марказ ҳамда Самарқанддаги Туризм халқаро университетида ЮНЕСКО кафедрасини тузиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистонда Марказий Осиё ёш олимлари минтақавий форумини ҳамда 2019 йилда Тошкентда «Ахборот технологиялари маданий меросни асраш хизматида» мавзуида Осиё форумини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Бош директор Ўзбекистоннинг бутун инсоният бойлиги бўлган маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш борасидаги сиёсатини юксак баҳолади.
Учрашув сўнгида Шавкат Мирзиёев ва Одри Азуле Ўзбекистон билан ЮНЕСКО алоқаларини ривожлантиришга қаратилган 2021 йилгача ҳамкорлик дастурини имзолади.
Президент Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКОнинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзди.
Мавзуга оид
19:28 / 11.10.2024
Alfraganus университети ЮНЕСКОнинг 10-Таълимда тадбиркорлик APEID Кенгаши йиғилишига мезбонлик қилди
19:25 / 26.09.2024
ЮНЕСКО Ўзбекистондаги Ғарбий Тян-Шан экотизимига хавф солаётган таҳдидлар ҳақида огоҳлантирди
12:51 / 24.06.2024
Зоминда “II Халқаро мақом санъати анжумани” ўтказилади
19:15 / 11.06.2024