Жаҳон | 09:21 / 09.10.2018
32509
2 дақиқада ўқилади

С-400 тизимларининг машҳурлиги сабаби тушунтирилди

Фото: Sergei Karpukhin/Reuters

Россиянинг С-400 зенит-ракета мажмуалари юқори технологик қурол бўлиб, унинг имкониятлари бошқа давлатларни ўзига жалб қилади. Бундай фикрни дунё муаммоларини ўрганувчи Стокҳолм институти мутахассиси Симон Веземанга иқтибос келтирган ҳолда “Ал-Жазира” телеканали маълум қилди.

Мутахассиснинг айтишича, С-400 дунёдаги энг илғор ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларидан бири саналади.

“С-400’нинг радиолокацион станцияси ва бошқа кузатув қурилмалари катта масофада амал қилади. Тизимнинг радарлари 600 кмгача масофадаги нишонни аниқлай олади, ракеталарининг учиш узоқлиги 400 кмгача етади. Мажмуалар аниқ ишлайди, улар бир вақтнинг ўзида катта миқдордаги эҳтимолий нишонларни, жумладан “стелс” технологиясини қўлловчи объектларни кузата олади”, деб айтган мутахассис.

Веземаннинг қўшимча қилишича, ушбу тизимлар юқори мобилликка эга. Улар бир неча дақиқа ичида бирданига учта операцияни амалга оширишга қодир: ёйиш, отиш ва бошқа жойга кўчиш.

Ушбу мажмуаларни сотиб олишга шартномаларни Хитой, Ҳиндистон ва Туркия имзолаган. Бу қуролни етказиб бериш бўйича музокаралар Саудия Арабистони билан олиб борилмоқда.

Веземаннинг таъкидлашича, АҚШ билан муносабатлар ёмонлашиши хавфига қарамай, бу давлатлар Россия тизимларини сотиб олишдан воз кечмоқчи эмас. Жумладан, Туркия  учун С-400 “фахрланиш лойиҳасига” айланган.

“Бу ҳолат Туркия АҚШ олдида бўйин эгмаслиги, у ўзига хўжайинлигини ҳамда АҚШ ва НАТОга чақириқ ташлай олишини кўрсатади”, деб ўз фикрларини хулосалаган мутахассис.

Мавзуга оид