Технология | 09:29 / 11.10.2018
3765
2 дақиқада ўқилади

Норвегияда 140 йўловчига мўлжалланган футуристик электрокатамаран тақдим қилинди

Green Wave Holding компанияси Норвегияда сайёҳларни олиб юрадиган Brim Explorer электрокатамаранини қуради. Катамаран ёзда сайёҳларни Лофотен архипелаги бўйлаб сайр қилдиради, қишда эса Тромсёдан кит сафарисига олиб боради.

Фото: Euromag

Катамаран илк рейсини 2019 йил августда амалга ошириши режалаштирилган.

Кема ўз бортига 140 кишини олади. Тўлиқ юкланган ҳолда аккумуляторларни қайта қувватлашсиз 19 км/соат тезлик билан 10 соат юра олади. Катамаран батареяларини Норвегиянинг деярли исталган портида бир кечада қувватлаб олиш мумкин бўлади. Агар каттароқ тезликда узоқроқ масофага бориш керак бўлса, катамаранда биоёқилғида ишловчи дизел двигателидан фойдаланиш имконияти мавжуд.

Фото: Euromag

Кемада йўловчиларга Шимолий Норвегия табиатидан баҳраманд бўлиш учун панорамали ойналар бўлади. Brim Explorer ички ёнув двигателига эга кемалардан фақрли ўлароқ, шовқин чиқармаган ҳолда китлар ёнига яқинлашиши мумкин. Бундан ташқари, экскурсиялар давомида кема жамоаси сайёҳларга сув остида нималар яширингани кўриш ва эшитишга имкон берувчи гидрофон ва сув ости дронларини ишга солади.

Brim Explorer компаниянинг илк электр кемаси бўлади, бироқ яхшиланган дизайнга эга иккинчи шундай кемани қуриш режалаштирилган. У сайёҳларни ўзлари танлаган йўналиш бўйича узоқроқ экспедицияларга олиб боришда қўлланади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид