Иқтисодиёт | 16:07 / 12.10.2018
12964
6 дақиқада ўқилади

Хитой нима учун ишлаб чиқариш маркази бўлиб қолмоқда?

Хитойнинг Alibaba интернет-платформаси исталган маҳсулотни нархи, кўрсаткичлари, етказиб бериш шартлари бўйича осонгина топиш имкониятини беради. Маҳсулотга плафторманинг ўзида буюртма бериш ва пул тўлаш мумкин.

Alibaba воситачи бўлиб, маҳсулот буюртмачига етказиб берилганидан кейингина пулни етказиб берувчига ўтказади. Агарда маҳсулотга нисбатан эътироз бўлса, харидор тўлаган пулини қисман ёки тўлалигича қайтариб олиши мумкин. Бунинг учун харидор ҳақлигини исботлаб бериши керак бўлади.

Ишлаб чиқариш географияси 

Хитойда ишлаб чиқариш одатда кластер тамойилига асосланган. Масалан, босма ва канцелярия маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи заводлар Вэньчжоу шаҳридаги Цаннань уездида ва Нинбо шаҳридаги Нинхай уездида жойлашган. Вэньчжоунинг Оухай уездида эшиклар учун қулфлар, Пиньян уездида пластик пакетлар ишлаб чиқарилади. Ёритгичларни Чжуншань шаҳридаги Гучжэн уездидан топамиз. Гуанчжоунинг Хуаду туманида автомобиллар учун керакли жиҳозлар, Шилин уездида эса сумкалар ишлаб чиқарувчи марказлар жойлашган. Кластерлар одатда тарихан шаклланиб келган, баъзан эса маҳаллий ҳокимият томонидан махсус ташкил этилган марказлардир.  

Фото: REUTERS

Ишлаб чиқаришнинг арзонлиги 

Хитойда маошлар баланд бўлса ҳам, ишлаб чиқариш нархи арзонга тушади. Бу ниманинг эвазига? Мисол сифатида сумка ишлаб чиқаришни олишимиз мумкин. Ишлаб чиқаришни бошлаш учун бир нечта чевар ва иш юритувчини ёллаш ҳамда Шилин уездидаги бетон уйдан 50 квадрат метр жойни ижарага олиш кифоя. Ишлаб чиқариш учун барча хомашёни завод ёнидаги улкан бозорлардан олиш мумкин. Барча хомашё олингач, сумкалар тикилиб, сифат текширувидан ўтади ва маҳсулот сотувга чиқаришга тайёр бўлади. Ёрлиқлар, қоғозлар ва қадоқ пакетлари ҳам шундоққина ишлаб чиқарувчининг ёнида сотилади.

Одатда хитойлик тадбиркор кичик ишлаб чиқариш қиладиган бўлса компаниясини рўйхатдан ўтказиши ва солиқ тўлаши ҳам шарт эмас – барча иш ва тўловлар жисмоний шахс орқали ўтади ва давлат бунга кўз юмади, асосийси – янги иш ўрни яратилгани. Агарда бошловчи тадбиркор катта миқдорда буюртма оладиган бўлса ва буюртмани айтилган муддатда бажаришга кучи етмаса, у ҳолда буюртмани қариндошларининг заводлари билан ҳамкорликда бажаради. Ёки барча буюртмани каттароқ корхонага топширади ва даромад иккиси ўртасида тенг тақсимланади. Бунда буюртмачи буюртмаси бошқа заводда тайёрланганини билмайди ҳам. Буларнинг барчаси - инфраструктура, ишлаб чиқариш ва ихтисослашувнинг яхши йўлга қўйилгани, самарадорлик, суткасига 12 соатдан икки сменада ишлашга тайёр хитойликларнинг меҳнатсеварлиги ҳамда аъло даражада йўлга қўйилган ўзаро алоқалар рақобатбардош нархларда маҳсулот ишлаб чиқариш марказига айланиш имконини беради.

Хитойда транспорт инфраструктураси ҳам яхши йўлга қўйилган: ишлаб чиқариш марказлари орасида етказиб бериш муддати 1-3 кун бўлиб, етказиб бериш нархлари ҳам жуда арзон – бу ерда ўнлаб курьерлик ва логистика компаниялари хизмат кўрсатади. Мамлакатда дунёнинг барча логистика компаниялари фаолият олиб боради, шу боис тайёр маҳсулотлар омбордан тўғри керакли давлатга жўнатилади.

Тинимсиз мулоқот

Хитойликларнинг барчаси телефонларини қўлларидан қўйишмайди – улар гўёки телефон билан тирикдек. Бунда улар асосий вақтларини Wechat — Хитойнинг энг оммабоп мессенжерида ўтказишади. Хитойликлар ҳамиша мулоқотда – демак ҳамиша ишда: уларда иш вақти деган тушунча йўқ. Хитойликлар ҳар қандай жойда ва исталган вақтда мулоқотга тайёр ва бу уларнинг рақобатчилардан устун жиҳатлари ҳисобланади. Фақат битта нарсага олдиндан тайёр туришингиз керак бўлади – Хитой янги йилига. Хитойда бу байрам бир ой давом этади ва бу ойда деярли ҳеч ким ишламайди. Байрамдан бир ой олдин ва ундан кейинги бир ой давомида эса шошилинч тарзда ишлашади. Шунинг учун буюртмани январдан март ойигача бермаган маъқул.

Буюртма беришда нималарга эътибор қилиш керак?

1. Бирор маҳсулот ишлаб чиқаришга буюртма бермоқчи бўлсангиз, имкон борича ўша маҳсулотни ишлаб чиқаришга ихтисослашган ва яхши рейтингга эга фабрикани танланг. Унинг ана шундай маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган ҳудудда, хомашё бозорига яқин жойлашганлигига эътибор қаратинг.  

2. Савдолашинг, аммо ўта паст нарх маҳсулот сифатининг пасайишига олиб келишини унутманг, меъёрида савдолашинг. Бозорни ва ўхшаш маҳсулот нархини ўрганиб чиқинг. 

3. Кўпинча буюртма миқдори кўп бўлса, нарх арзонлашади, буюртма ҳажми катта бўлса, сифатини таъминлаш ҳам осон бўлади. Имкон борича бир хил турдаги маҳсулотга буюртма беринг.

4. Ишлаб чиқарувчилар доимий ҳамкорликни исташади, уларга сиз ҳам шу шундай режада эканлигингизни айтинг, бу манфаатли ҳамкорлик имконини беради. 

5. Маҳсулотингиз учун хомашёни ким танлашига аниқлик киритиб олинг, сизнинг мутахассисингизми ёки фабриками. Сифат ва ишлаб чиқаришни назорат қилиб туриш учун бир киши масъул бўлиши лозим. 

6. Буюртма берган маҳсулотингизнинг илк намунасини албатта олинг ва текшириб кўрганингиздан кейин тўлиқ ишлаб чиқаришга розилик беринг. Намунани сақлаб қўйинг, бу агарда буюртмангиз талабингизга жавоб бермаса кўрсатишингиз учун керак бўлади. Тайёр маҳсулотни Хитойдан жўнатилишидан олдин диққат билан текшириб қабул қилиб олинг.  

7. Ишлаб чиқарувчининг ўзи билан воситачиларсиз ишланг, акс ҳолда бирор муаммо юзага келса, уни ҳал қилиш жуда қийин бўлади.

Мавзуга оид