Ўзбекистон | 19:17 / 12.10.2018
24478
5 дақиқада ўқилади

Зокир Раҳимов иши: адвокатлар судланувчига нисбатан илгари сурилган айрим айбловлар исботланмаган, деб ҳисобламоқда

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судида қатор оғир жиноятларни содир этганликда айбланаётган Зокир Раҳимов иши устидан суд эшитувларида иштирок этаётган ҳимоя томони Раҳимовга нисбатан илгари сурилган айбловларнинг айримлари ўз исботини топмаган, деб ҳисобламоқда. 2018 йил 10 октябрь куни бўлиб ўтган маҳкама жараёнида адвокатлар Қаюм Эсонов ҳамда Баҳром Абдуллаев музокара сўзларида шундай фикрларни билдиришди. Очиқ суд мажлисини бевосита кузатаётган Kun.Uz мухбири шу ҳақда хабар қилмоқда.

Хусусан, адвокат Қаюм Эсоновнинг фикрича, “ушбу жиноят иши материалларида судланувчи З.Раҳимов ЖКнинг 155-моддасида кўрсатилган «терроризм», 159-моддада кўрсатилган «ЎзРнинг конституциявий тузумига тажовуз қилиш», 242-моддасида қайд қилинган «жиноий уюшма ташкил этиш» каби жиноятларни содир этганлиги ҳамда шу қилмишнинг жиноий оқибатлар билан боғлиқлигини исботловчи бирор бир далил мавжуд эмас”. Эсоновга кўра, “Зокир Раҳимов томонидан бундай қилмишлар умуман содир этилмаган ва қилмишга сабабий боғлайдиган ижтимоий хавфли оқибатнинг ўзи ҳам йўқ”.

Зокир Раҳимов

“Қолаверса, унга нисбатан айбловларнинг айримлари, хусусан, ушбу жиноят иши материалларида З.Раҳимовни ЎзР ЖК 155-модда, 159-модда, 242-моддаларида кўрсатилган жиноятлар содир этганини исботловчи далил, деб олиниши мумкин бўлган бирор бир маълумот мавжуд эмас”, - деб ҳисобламоқда адвокат Эсонов. - Ваҳоланки, “ЎзР ЖПКнинг 81-моддасига кўра, жиноят иши бўйича далил деб ҳисобланадиган маълумотлар «гувоҳнинг, жабрланувчининг, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг кўрсатувлари, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, кинотасвир ва фотосуратлардан иборат материаллар, тергов ва суд ҳаракатларининг баённомалари ва бошқа ҳужжатлар»дан иборат бўлиши кўрсатилган”.

Мавзуга доир: Прокурор Зокир Раҳимовга йигирма йил сўради – адвокат прокурорни ишига виждонан ёндашмаганликда айблади 
Прокурор Зокир Раҳимовга йигирма йил сўради – адвокат прокурорни ишига виждонан ёндашмаганликда айблади

Навоийда террорчиликда айбланаётган Зокир Раҳимов устидан суд эшитувлари давом этмоқда

Бундан ташқари, ҳимоя томонининг фикрича, судланувчи З.Раҳимовнинг суд мажлисларида берган кўрсатмалари ҳақиқийлигини қатор ҳужжатлар исботлайди. 

Жумладан, “МХХ (ҳозирги ДХХ) Навоий вилоят бошқармаси тезкор бўлинмаси бошлиғининг 2009 йил 12 октябрдаги № 5/6560-сонли хати, 2012 йил 19 мартдаги № 37-сонли, 2013 йил 18 октябрдаги №5/7282-сонли, 2014 йил 16 майдаги 5/5274- сонли хатларида «Раҳимов Зокир Зарипович 2002 йилда ТИҲ (Туркистон Ислом ҳаракати) таркибидан чиқиб кетиб, Эрон Ислом Республикаси Машҳад шаҳрида оиласи билан яшаб келиб, тижорат ишлари билан шуғулланиши» кўрсатилган.

Бундан ташқари, З.Раҳимов БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссарлигида 2004 йил 13 август куни «қочоқ» мақомини олган. 

Навоий вилоят суд тиббий экспертизасининг 2018 йил 14 июндаги № 880/56-сонли хулосасида судланувчи «Раҳимов Зокирни суд тиббий экспертизадан ўтказиш вақтида айнан ўқотар қурол тури ва хусусиятларини акс эттириш характерида бўлган ҳамда портлатиш қурилмалари, портлатувчи қурилмалар ишга туширилгандан сўнг ҳосил бўладиган жароҳатлар изи аниқланмади» деб кўрсатилган. 

Шунингдек, Эрон Ислом Республикаси Машҳад шаҳрида яшовчи тадбиркор Маҳди Раҳимзаде Афшар З.Раҳимовни 2004 йилдан бери танишини, у хам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши ва унинг тадбиркорликда шериги ҳисобланиши билдирилган ва уч нафар холис шахс имзолаган мактубни МХХ Навоий вилоят бошқармаси номига ёзган”.

Адвокат Эсонов музокара сўзи давомида З.Раҳимовнинг ҳаракатлари тергов органи томонидан қанчалик тўгри малакаланганлигига ҳам ҳуқуқий баҳо бериб, судланувчи З.Раҳимовга нисбатан илгари сурилган айблов хулосасидан ЎзР ЖК 155-модда, 3-қисм «а,б» бандлари, 159-модда 4-қисми ҳамда 242-модда 2-қисми бўйича айбловларни чиқариб ташлашни сўради. 

Эслатиб ўтамиз, 1999 йилги воқеалардан кейин террорчиликда айбланаётган Зокир Раҳимов устидан бўлиб ўтаётган суд эшитувлари кузатиб борилмоқда. Туркиянинг Истанбул шаҳрида қўлга олинган Раҳимов шу йил Ўзбекистонга топширилган эди. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид