Жаҳон | 00:55 / 14.10.2018
11703
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Толибон вакиллари билан музокара ўтказди

Фото: Getty Images

Америкаликлар толибончиларни Афғонистондаги тинчлик жараёнида тўлиқ қатнашишини таъминлашга уринишмоқда.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмайем Халилзод Толибон радикал исломий ҳаракати аъзолари билан учрашган. Учрашув Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган. Бу ҳақда 13 октябрь куни Толибон вакили Сабиҳулло Мужоҳид хабар бермоқда, деб ёзмоқда DW.

Унинг сўзларига кўра, 12 октябрь куни бўлиб ўтган учрашувда Ғарбнинг Афғонистонга “бостириб киришини тинч йўл билан ниҳоялаш” муҳокама этилган.

AFPʼнинг аниқлаштиришича, Халилзод минтақадаги бошқа ўйинчилар, жумладан, Покистон ва Саудия Арабистони кўмагида тинчлик жараёни бўйича музокараларга толибончиларни ундамоқчи. Дипломат 4–14 октябрь кунлари турне бўйлаб сафар қилиб, мазкур давлатларда, шунингдек, Қатар ва БААда учрашувлар ўтказади.

Июнь ойида жангарилар ва Афғонистон ҳукумати томонидан ўт очишни тўхтатиш режими жорий этилгач, бу Америка томонининг толибончилар билан ўтказган иккинчи учрашувидир. “Толибон” Кобулдаги ҳокимиятни Американинг қўғирчоғи деб ҳисоблайди ва Қўшма Штатлар билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришга чоғланган.

АҚШ Афғонистонда тез орада тинчлик ўрнатилишини башорат қилмоқда. Мамлакат ҳокимияти ва “Толибон” ҳаракати яқин орада тўлақонли сулҳ шартномаси тузиши мумкин. Бу ҳақда Афғонистондаги қуролли кучлар қўмондони генерал Жон Николсон айтиб ўтган.

Қурбон ҳайити арафасида Афғонистон президенти Ашраф Ғани “Толибон” билан уч ойлик ярашув битими тузилганини эълон қилган эди. Бу хабарнинг эртасигаёқ Кобулга ракета ҳужуми уюштирилди, бироқ ҳужум учун жавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олмади.

Мавзуга оид