Жаҳон | 10:30 / 14.10.2018
15634
4 дақиқада ўқилади

Алексей Навальний 50 кунлик ҳибсдан кейин озодликка чиқди. У энди Золотовга жавоб қайтариши мумкин

Фото: Twitter / @navalny

Россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний 14 октябрь тонгида махсус сақлаш жойидан озодликка чиқди. У иккита иш бўйича жами 50 кун маъмурий қамоқ жазосини ўтади.

«50 кун давомида мен шу ерда ўтирдим, биз шунга гувоҳмизки, бу режим охиригача заволга юз тутган: ташқи разведкадан тортиб, космик соҳагача инқироз.

Кимки ҳибсга олишлар билан бизни қўрқитиш ёки тўхтатиш мумкин деб ҳисобласа адашади», деган Навальний тарафдорлари ва журналистларга қарата.

Навальний август ойи охирида Москванинг Твер туман суди томонидан маъмурий қоидабузарликлар тўғрисидаги кодекснинг «Оммавий тадбирни ташкиллаштириш ва ўтказиш қоидаларини такроран бузиш» моддасига кўра 30 суткага ҳибсга олинганди. У 2018 йил 28 январда ўтган «Сайловчилар забастовкаси» акцияси учун қамоққа ташланди.

9 сентябрь куни, Россияда сайловлар кунида мамлакат бўйлаб пенсия ислоҳотига қарши йирик намойишлар тўлқини бўлиб ўтди. Бу акциялар Навальнийнинг иштирокисиз кечди, у 24 сентябргача қамоқда эди. У муддатни ўтаб, озодликка чиқиши биланоқ яна қамоққа қайтарилди. Унга митинг ўтказишдаги қоидабузарлик бўйича янги маъмурий иш очилиб, яна 20 кунлик муддат берилди.

42 ёшли сиёсатчи май ойида ҳам Россия президенти Владимир Путинга қарши умуммиллий намойишни ташкиллаштиргани учун 30 кунлик қамоқ жазосига маҳкум этилганди. У 90дан ортиқ шаҳарда «Путин бизнинг подшоҳ эмас» шиори остида намойишлар уюштирган.

Навальний 2016 йил декабрида бошлаган президентлик кампаниясидан буён жами 5 марта қўлга олинган ва жами 120 кунни қамоқда ўтказган.

Золотов Навальнийга қарши


Навальний январдаги акция учун муддатни ўтаётганда Росгвардия раҳбари Виктор Золотов мухолифатчига қаратилган видеомурожаатини эълон қилганди ва уни дуэльга чорлаганди.

Шу тариқа, Золотов Навалнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди томонидан Росгвардиядаги коррупция ҳолати бўйича материалларига муносабат билдирганди.

Золотовнинг айтишича, Навальний нархлар ҳақида ҳеч нарса билмайди ва текширувида ҳақоратлар ҳамда туҳматларга йўл қўйган. У сиёсатчи яна бир шундай ишга қўл урса, унинг «оёқларини узиб олиши» ва «Росгвардия шахсий таркиби гувоҳлигида шоу уюштириш»га ваъда берганди.

Ўшанда Навальнийнинг тарафдори Волков Золотовнинг мурожаати ошкора таҳдид эканига эътибор қаратганди. Кремль эса Золотовнинг видеомурожаатида жисмоний йўқ қилиш таҳдиди мавжуд эмаслигини таъкидлаганди.

«Биласизми, баъзан, виждонсизларча туҳматга қарши ҳар қандай восита билан курашишга тўғри келади. Албатта, бундай туҳматни илдизи билан йўқ қилган маъқул», деганди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Навальнийнинг ўзи пенсия ислоҳотига қарши намойишларга чақириғи учун ўтказилган суд залида журналистларга Золотовнинг видеомурожаатини кўрмагани, аммо у ҳақида эшитганини айтиб ўтганди. «Мен бу видеони кўришни жуда истаяпман. Бу мен истаётган икки ишдан бири. Яхшилаб овқатланиб олганимдан кейин видеони кўришни истайман. Лекин, муддат яна узайди», деганди Навальний.

Мавзуга оид