Ўзбекистонда крахмал ишлаб чиқариладиган илк корхона ишга туширилди
Тошкент шаҳрида Golden Corn крахмал-паток заводи фойдаланишга топширилди. Бу мамлакатдаги ушбу турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ягона корхона ҳисобланади.
Мазкур инвестициявий лойиҳа ўтган йили президентнинг Чилонзор туманига ташрифида доирасида тақдим этилган эди. Унинг умумий қиймати қарийб 5 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, шундан 2 миллион АҚШ доллари «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ томонидан молиялаштирилди.
«Банк кредити эвазига Хитойдан энг замонавий технологик ускуналар олиб келиб, 10 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштирдик. Лойиҳанинг дастлабки босқичида кунига 50 тонна хом ашё қайта ишланиб, ўртача 35 тонна крахмал кукуни, у асосида эса қандолатчиликда энг муҳим хом ашё ҳисобланадиган крахмал қиёми, мальтоза қиёми тайёрланмоқда. Бундан ташқари, саломатлик учун ниҳоятда фойдали бўлган жўхори ёғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилди», — дея корхона раҳбари Шамсиддин Шукуровнинг сўзларини келтирган «Халқ сўзи онлайн».
Ҳозирги пайтда корхонада 100 киши меҳнат қилаётган бўлса, у тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, яна 50та иш ўрни яратилади. Йилига салкам 20 минг тонна хом ашё қайта ишланиб, ички бозорга 9,6 миллион АҚШ долларилик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар етказиб берилади.
Лойиҳа ташаббускорларининг айтишича, амалиётга чиқитсиз технология жорий этилган. Натижада асосий маҳсулотлардан ташқари, чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик учун омихта ем, турли биоқўшимчалар, шунингдек, ёғ-мой саноати учун иккиламчи хом ашёлар тайёрлаш, пировардида қўшимча даромад топиш имконияти пайдо бўлди.
Мавзуга оид
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
18:57 / 07.09.2024
Брюсселдаги Audi заводи ёпилиши мумкин
08:40 / 11.06.2024
Полшадаги қурол заводида портлаш ва ёнғин: бир киши ҳалок бўлди
14:35 / 22.04.2024