Жамият | 20:00 / 21.10.2018
38889
8 дақиқада ўқилади

Андижонда МИБ ва тадбиркор ўртасидаги чигал вазият қаердан пайдо бўлди?

Мажбурий ижро бюроси ҳақида сўз кетганда, кимдадир сарсон одамнинг оғирини енгил қилувчи, адолат ўрнатувчи посбон кўз олдида гавдаланса, яна кимдадир бунинг акси. Ҳозир сизга айтмоқчи бўлган воқеамиз бу ташкилотга баҳо беришингиз учун эмас. Бу касб нуқтаи-назаридан айрим шахсларнинг хатти-ҳаракати ва фаолиятига назар.

Youtube'да кўриш

Facebook'да кўриш

Андижон вилояти, Хўжаобод туманида катта бир корхона бор. “Само” бренди остида “Nil granit” масъулияти чекланган жамияти турли трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаради. 400 дан ортиқ фуқарони иш билан таъминлаган мазкур корхона Ўзбекистонга миллион долларлаб экспорт орқали тушум қилади. Ишлаб чиқариш кўлами кенг. Буюртмачилар Европа ва яна бошқа минтақалардан. Бир сўз билан айтганда нафақат Андижонни, балки Ўзбекистоннинг намунали ишлаб чиқарувчиларидан. Бироқ айнан ушбу корхона билан туман Мажбурий ижро бюроси ходимлари ўртасида тушунмовчилик бор. Ўзаро ишонч асосида қурилмаган мулоқот ортидан чигал вазиятлар юзага келмоқда. Масала шундаки, корхонани электр энергиясидан узиш важи билан бюро ходимлари мунтазам эшик тақиллатаверади. Хусусан, шу каби важ билан жорий йилнинг 4 октябрида бюро ходимлари корхонани электр энергиясидан узиб қўяди.

Хўш, аслида нима бўлган эди?

Маълумки, янги жорий этилган тартибга кўра, электр энергияси учун истеъмолчилар олдиндан тўловни амалга оширишади. Жорий йилнинг сентябрь ойида корхона томонидан 400 минг киловат электр энергияси учун ариза берилган бўлиб, МИБ томонидан 18 сентябрь куни 110 миллион сўмлик қарздорлик учун талабнома берилади.

Корхона сентябрь ойида 146 млн сўм маблағ ўтказиб беради. Шундан сўнг ойлик ҳисобот тайёрланиб, туман электр тармоғига жорий йилнинг 1 октябрь куни тақдим этилади. Корхона 2-тоифали истеъмолчилар туркумига киритилганлиги боис ой якунлангандан сўнг дифференциал тартибда ҳисоб-китоб қилиниб, янги ой учун қанча тўлов қилиниши белгиланади. Аммо 1 октябрь байрам кунига тўғри келгани сабабли 4 октябрь санасида ҳисоботлар қабул қилиниб, ҳисоб-китоб натижалари чиқарилган. Янги ой учун 20 млн. 363 минг сўм миқдорида олдиндан тўловга қарздорлик аниқланиб, шу куннинг ўзида тўлов амалга оширилади. Бироқ туман Мажбурий ижро бюроси эса қарздорлик бартараф этилганлигига қарамасдан корхонани электр энергиясидан узиб кетади.

- Улар, аввал бизга, электр энергиясидан узиш бўйича талабнома тақдим этишлари, шундан сўнг 5 кун вақт мобайнида тўловни амалга оширмасак, келиб узиб кетишлари ва бу ҳақда далолатнома тақдим этишлари керак эди. Аммо улар бундай қилишмади. Биз далолатнома сўраганимизда, улар электрон почта орқали уни жўнатишларини айтишди. Низомга кўра, электр тармоғидан узаётган вақт жамиятнинг масъул ходими билан бирга жойида далолатнома расмийлаштирилиши лозим эди. Бу бизнинг ишлаб чиқаришимизга ҳам катта таъсир қилди. Шу куни Италиядан ҳамкорлик қиламиз деган сармоядорлар келган эди. Бу воқеа уларнинг жамиятимизга бўлган ишончини бироз сусайишига сабаб бўлди, - деди “Nil granit” МЧЖ ҳисобчиси Сардор Маҳмудов.  

Сардор Маҳмудов

Корхонадаги вазият билан танишиб бўлгач, туман мажбурий ижро бюросига йўл олдик. Бизни туман мажбурий ижро бюроси раҳбарининг ўринбосари Бахтиёр Носиров қарши олди. Узоқ тушунтиришлардан сўнг, ушбу корхона иши билан шуғулланган ходим Сардор Жаббаралиевдан интервью олишни ташкиллаштириб берди.

Сардор Жаббаралиев

- “Nil granit” МЧЖ билан 2018 йил 18 сентябрь куни табиий газ ва электр энергиясидан олган лимитига асосан 110 млн сўм электр энергия учун, 74 млн сўм табиий газ учун талабнома тақдим этганман. Шартномага кўра, МЧЖ ҳар ойнинг 30-санасида кейинги ой учун юз фоиз олдиндан тўлов қилиши керак. Улар бундай қилмади. Шартнома шартларини бажармади. 95 млн сўм пул тўлашди. 4 октябрь куни ҳам телефон орқали ижрочи директорга қўнғироқ қилиниб 20 млн.сўмлик қарздорликни тўлашлари кераклиги айтилган. Бугунги ҳолатга кўра, МЧЖ 20 млн.лик қарздорликни бартараф этиб, энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида қайта ёқиш тўловини тўлаганидан сўнг, электр энергиясини қайта ўрнатиб бердик, – деди МИБ Хўжаобод туман бўлими бош муҳандиси Сардор Жаббаралиев.

Ана энди бизда бир нечта саволлар пайдо бўлди. Жорий йил сентябрь ойида берилган талабнома нега рўйхатга олинмаган ва у айнан қайси ойдаги қарздорлик учун берилган эди?

Иккинчидан, агар ушбу талабнома бўйича 4 октябрь куни корхона электр энергиясидан узилган бўлса, нега орадан 16 кун ўтиб узилмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 484-сон қарори билан тасдиқланган “Истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 13-бандига кўра, Бюро истеъмолчилар хабардор қилинган пайтдан бошлаб беш кун муддат ўтгандан кейин қарзларни мажбурий, шу жумладан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш йўли билан ундириш чораларини кўради.

Бордию 2018 йилнинг 18 сентябрда берилган талабнома МИБ ходимлари айтганидек октябрь ойи учун берилган бўлса, ваколатли орган томонидан юқорида қайд этилган низомнинг 11-банди талаблари бузилган, дея хулоса қилиш мумкин. Чунки низомга кўра, истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун қарзи мавжуд бўлган истеъмолчилар рўйхати энергия ресурсларини етказиб берувчилар томонидан ҳар ойнинг ўн биринчи санасидан бошлаб ҳар куни шакллантирилади ҳамда ягона электрон идоралараро ахборот тизими орқали Бюрога тақдим этилади.

Учинчидан, далолатнома тўлдиришда пала-партишликка йўл қўйилган. Жумладан, ундаги қарздорликка оид ҳисоб-китоблар аниқ кўрсатилмаган, истеъмолчининг иштироки таъминланмаган ва далолатномада истеъмолчининг далолатномани имзолашдан бош тортганлиги сабаблари кўрсатилмаган.

Ушбу ҳолатга МИБнинг Хўжаобод туман бўлими техник кузатувчи Бош муҳандиси С.Жабборалиев тармоқдан узиб қўйиш учун истеъмолчига талабнома бериш қонунда назарда тутилмаганлигини, далолатнома тузишда истеъмолчи қатнашмаса унинг нусхаси почта орқали юборилиши мумкинлигини баён этди.

Умид қиламизки мутассадди ташкилотлар бу ҳолатга эътибор қаратиб, қонун доирасида чора кўради.

МИБ ходимларининг тушунарсиз ҳаракатлари оқибатида тадбиркор йўқ жойдан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари миқдорида ортиқча харажат қилишга мажбур бўлди.

Хулосамиз эса бор. Корхона бугун ишлаб турибди. Яхшики, корхонанинг электр энергиясидан қарздорлиги мавжуд эмас. Ишлаб чиқариш тўхтамади. Одамлар иш билан банд. Муаммо ўзаро ишончнинг йўқлигида. Мажбурий ижро бюроси ва истеъмолчи ўртасидаги мулоқот ишонч, самимият ва юксак маданият асосига қурилса, ўйлаймизки, ҳеч қандай муаммо қолмайди. Дарвоқе, мажбурий ижро бюроси ходимларига талабнома бериш ва далолатнома тузиш борасида соҳанинг юқори органлари томонидан яна бир бор амалий машғулотлар ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид