New footage show Ianni celebrating in Mourinho’s face not once but TWICE 😂 pic.twitter.com/qHThaoWAQh
— James John (@JamesJohn2427) October 20, 2018
Афтидан, «кўклар» мураббийи ўз жойига қайтишда ана шундай бадхулқлик намунасини кўрсатган. Ассистентнинг ҳаракатлари видеоларда аниқ кўринмаган бўлса-да, унинг нима демоқчи бўлганини суратлардан пайқаш қийин эмас.
Ушбу воқеадан сўнг ҳатто «Челси» мухлислари ҳам Саррининг бу ёрдамчиси кимлигига қизиқиб қолишди. Маълум бўлишича, португалияликнинг устидан кулган шахс - Марко Янни бўлиб, у бош мураббийнинг иккинчи ёрдамчиси саналади. Маурицио уни «Наполи»дан ўзи билан олиб келган. У 2000 йилларнинг ўрталарида Италия С Сериясида тўп сурган, аммо айнан қайси клуб шарафини ҳимоя қилгани аниқ эмас.
2013 йилда Янни мураббийлик фаолиятини бошлаб, орадан уч йил ўтар-ўтмас Сарри бошқарувидаги «Наполи»да пайдо бўлган. Маълумотларга кўра, 36 ёшли мураббий Англияга келишидан олдин хорижда умуман яшаб кўрмаган. «Челси»да у техник мураббий ҳисобланади.
Ўйиндан сўнг Жозе Моуриньодан ушбу ҳолатга изоҳ сўралиши тайин эди.
«Сизга айтишим мумкин бўлган нарса шуки, 97 дақиқалик ўйин жуда яхши ўтди, шунинг учун ўйинга диққат қаратганингиз маъқул. Бугун мен «Челси» мухлисларидан ҳурмат кўрганим йўқ, бироқ бу менинг елкамдаги масъулият эмас. Бугун бу ерда нима қилган бўлсам, эртага Мадридда ҳам, Миланда ҳам, Портуда ҳам шундай йўл тутаман», - деб айтган мураббий Sky Sports мухбири билан суҳбатда.
Дарҳақиқат, ҳакамнинг финал ҳуштаги чалинганидан сўнг «МЮ» устози клуб мухлислари ўтирган трибуна ёнига бориб, уларни олқишлади. Мезбонлар фанатларига эса бармоғи билан уч ишорасини кўрсатди. Бу билан Жозе, катта эҳтимол билан, собиқ клубида эришган учта чемпионлик совринини эслатиб қўйди.
Our #MUTV recap of a frustrating but captivating game. #MUFC #CHEMUN pic.twitter.com/rWmnFbbcs4
— Manchester United (@ManUtd) October 20, 2018
Марко Янни масаласида эса, мураббий ўзидан узр сўрашганини маълум қилди.
«Ҳеч нарсадан жаҳлим чиқаётгани йўқ. Воқеа Саррининг ёрдамчиси билан содир бўлди. Сарри биринчи бўлиб олдимга келди ва муаммони ичкаридан ҳал этишини айтди.
Шундан кейин ассистент олдимга келиб, мендан узр сўради. Мен унга: «Ҳақиқатан ҳам афсусда бўлиб, кечирим сўраётган бўлсанг, у ҳолда узрингни қабул қиламан ва бўлган воқеани унутаман. Чунки ўзим ҳам фаолиятим давомида кўплаб хатоларга йўл қўйганман», деб айтдим», - дея маълум қилди «қизил иблислар» устози ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.
«У билан яна гаплашиб олгим келяпти, аммо вазият билан ўша вақтнинг ўзида дарҳол шуғулланган эдим. Катта хатога йўл қўйганини тушунганига ишонч ҳосил қилиш учун у билан яна суҳбатлашиб олишим керак», - деди Сарри.