Спорт | 13:48 / 24.10.2018
16524
2 дақиқада ўқилади

Макгрегорнинг дўсти Нурмагомедовнинг дўсти билан жанг қилиш учун UFC’га ультиматум қўйди

Фото: mmaboxing.ru

Аралаш йўналиш (MMA) бўйича россиялик ва ирландиялик жангчи Артём Лобов Зубайра Тухуговга қарши баҳс бекор қилинганидан норози ва Мутлақ жангчилар чемпионати (UFC)ни тарк этиш билан таҳдид қилди. Унинг сўзлари ESPN томонидан келтирилган.

Лобов Тухуговни UFC’дан бўшатиб юборишлари мумкинлигидан ташвишланмоқда. «Агар уни олиб ташлашса, мен ҳам кетаман. У билан ACB (Absolute Championship Berkut - MMA’нинг Россиядаги ташкилоти), Bellator ёки бунга тайёр бўладиган бошқа лигада жанг қиламан. Лекин мен у билан жанг қилиш йўлини барибир топаман», - дея маълум қилди Лобов.

Тухуговнинг дўсти Ҳабиб Нурмагомедов ҳам жангчининг эҳтимолий бўшатилишига муносабат билдирди. У UFC’га ташкилотдан кетиши билан таҳдид қилди.

Тухугов ва Лобов ўртасидаги жанг 27 октябрь куни UFC Fight Night 138 мусобақасида бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ, Тухуговнинг UFC 229’да Нурмагомедов ҳамда Конор Макгрегорнинг жангидан сўнг юз берган тартибсизликларда иштирок этиши туфайли, чеченистонлик жангчи Лобов билан жангдан маҳрум этилди. Унинг ўрнига америкалик Майкл Жонсон октагонга чиқади.

Лобов - Макгрегор ҳам аъзо бўлган SBG Ireland жамоаси жангчиси. Худди ирландиялик каби, у ҳам Нурмагомедовга алоқадор шахслар билан ёмон муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Макгрегор Нурмагомедов билан жангдаги ўз хатоларини маълум қилганди.

 

Мавзуга оид