Ўзбекистон | 19:27 / 26.10.2018
47326
3 дақиқада ўқилади

Раҳбар ўз ходимини пахтага чиқмагани учун ишдан бўшатмоқчи бўлди

Айни кунларда Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мавсуми давом этмоқда. Бу йилги мавсум ўтганларидан шуниси билан фарқ қиладики, бу йил мажбурий меҳнат, аниқроқ айтиладиган бўлса, пахта теримига мажбуран чиқариш ҳолатларининг олдини олиш қонун йўли билан янада мустаҳкамланди. Бу борада давлат раҳбари ва ҳукуматнинг махсус қарор ва фармонлари имзоланди. Мажбурий меҳнатга йўл қўйган қатор туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари ишдан олинди.

KUN.UZ электрон почтасига келиб тушган мактублардан бирида айнан мана шу ҳолат ҳақда сўз юритилган, пахта теришга мажбуран олиб чиқиш ҳолати кузатилаётгани айтилган. Жумладан, мактуб муаллифи С.В шундай дейди:

“Ассалому алайкум. Мен Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳар электр тармоқларида ишлайман. Мана, нечи кундирки, бошлиғимиз мени пахта теримига жўнатмоқчи бўляпти. Мен унга ичагимдан операция бўлганман десам ишдан ҳайдаши билан қўрқитмоқда. Ўзим ёлғиз онаман, ишдан ҳайдалсам қандай кун кўраман? Ахир президентимиз меҳнатга мажбурлаганларга нисбатан чора кўринглар деяптиларку. Шу масалада ёрдам беришингизни илтимос қиламан”.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Термиз электр тармоқлари раҳбари Маъруф Шамсиддинов билан боғландик.

- Мен бу ходимимизнинг касаллиги ҳақида ҳамширамиз орқали яқинда билдим. Бизда меҳнатга мажбурлаш йўқ. Шу сабабдан ҳам у кишининг пахтага чиқишлари шарт эмас, ишлари борасида ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Корхона раҳбари сифатида мен бунга ваъда бераман, - деди М. Шамсиддинов.

Аслида, юқорида келтирилган ҳолат бир мисол холос. Чунки KUN.UZ таҳририятининг электрон почтасига келаётган мурожаатлар ичида раҳбарлар ходимлар ёки оддий аҳолини мажбурий меҳнатга ундаётгани каби ҳолатларнинг учраётгани айтилган мактублар ҳам учрайди. Ўзбекистон ўз тараққиёт босқичининг янги даврига чиққан бир пайтда бундай ҳолатларнинг ҳамон учраб туриши, айрим раҳбарларнинг президент назарда тутган ислоҳотлар моҳиятини ҳамон англамагани киши кўнглини бироз ғаш қилади.

Ўйлаймизки, юқоридаги ҳолат бўйича раҳбар ўз ваъдасининг устидан туради, ходим ишлаётган ўрнини йўқотмайди.

Маълумот ўрнида: Яқин ҳафта ичида ичида пахта йиғим-теримида сусткашликка йўл қўйгани учун айрим раҳбарлар ишдан олинди, айримларига ҳайфсан берилди. Жумладан, 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов раислигида бўлиб ўтган селектор давомида Қашқадарё вилояти прокурори Ботир Юсуповга ҳайфсан берилди. 23 октябрь куни эса Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБ бошлиғи подполковник Ихтиёр Ҳасанов лавозимдан озод этилган. Шунингдек, 25 октябрда Бўка туманининг бош солиқчиси ҳам ўзгарган эди. Бугун, 26 октябрь куни эса айнан шу масала сабаб Хоразм вилояти Шовот тумани прокурорига ҳайфсан берилган.

Мавзуга оид