Шу йилнинг 19 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикасида биринчи АЭС қурилиши лойиҳасининг амалга оширилишига старт беришди.

«Буюк келажак» эксперт кенгаши аъзоси Қаҳрамонжон Насиров «Kun.uz»га берган интервьюсида АЭС қурилиши борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши ташаббусига қандай қарайсиз?

- Энергетика соҳасидаги инвесторлар билан ишлайдиган мутахассис сифатида Ўзбекистон учун ядро энергияси фойдали ва керакли деб ҳисоблайман. Шунинг учун мамлакатимиз президентининг Ўзбекистонда ядро энергетикасини ривожлантириш тўғрисидаги қарорини ўқиб, хурсанд бўлдим. Бу қарорни Ўзбекистон энергетикасини, саноатини ривожлантириш йўлидаги муҳим ва тарихий қарор деб биламан.

Афсуски, бизда юртимизда қуриладиган АЭС тўғрисида, бу станциянинг параметрлари тўғрисида маълумотлар кам. Шунинг учун қуйида келтириладиган баъзи фикрларни ушбу АЭС тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ёзилган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда билдирамиз.

Оммавий ахборот воситаларидан биламизки, Ўзбекистонда қуриладиган АЭСнинг қиймати 11 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. «Росатом» амалга ошираётган бошқа ана шундай лойиҳалар ёки дунёда қурилаётган бошқа АЭСлар нархи билан солиштирадиган бўлсак, бу яхши нарх. Агарда бунинг ичида АЭС билан боғлиқ инфраструктураларга киритиладиган инвестиция ҳам бўлса , унда бу биз учун аъло қиймат ҳисобланади. 

Фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиманки, АЭС қурилиши борасидаги бир қанча мавзулар тўғрисида гапирилмаяпти, холис мутахассисларнинг фикрлари ёритилмаяпти. Мисол учун, АЭС қурилишининг молиявий томонлари, «Росатом» ташкилотининг бошқа АЭС қурилиши лойиҳаларидаги муаммолари Ўзбекистонда қайтарилмайдими, экология, сув масаласи, радиоактив материалларни сақлаш ва бошқа мавзулар.

Булар ҳақида очиқ ҳамда батафсил ёзиш ва гапириш президентимиз қарорига қарши чиқиш дегани эмас. Аксинча, булар оммага мазкур қарорнинг қанчалик муҳим эканлигини тушунтиришга, лойиҳани самарали ва унумли амалга оширишга ёрдам беради деб ўйлайман.

- Нима учун одамлар ядровий (атом) саноатга салбий қарашади?

- Одамларнинг атом саноатига салбий қарашига биринчи навбатда охирги йилларда бўлиб ўтган бир неча катта авариялар ва уларнинг оқибатлари сабаб бўлди.