“Келажак университетлари”: Ўзбекистон делегацияси Ҳиндистондаги халқаро таълим конференциясида иштирок этди
30 октябрдан 1 ноябрга қадар Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида 14-халқаро таълим конференцияси бўлиб ўтди. Олий таълим фаолиятига йўналтирилган анжуман “Келажак университетлари” мавзусида бўлиб ўтди. Тадбир Ҳиндистон таълим вазирлиги, Савдо ва саноат вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси федерацияси томонидан ташкиллаштирилган.
Конференциядан мақсад – Ҳиндистоннинг олий таълим соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш, Ҳиндистон ва хорижий мамлакатлар олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш. Унда 1,5 мингга яқин маҳаллий ва халқаро иштирокчилар қатнашди, 65 мамлакат вакиллари орасида Ўзбекистон делегацияси ҳам бор эди.
Ўзбекистон делегацияси таркибидан Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент Давлат шарқшунослик институти, Бухоро Давлат университети, Қарши Давлат университети ҳамда хусусий бизнес-мактаб вакиллари ўрин олишди. Ҳамюртларимиз иштироки Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан ташкиллаштирилди.
Тадбир доирасида «B2B», «B2G», «G2G» форматидаги учрашувлар ўтказилди, шунингдек Ҳиндистон университетларига экскурсиялар уюштирилди. Ўтказилган маҳорат дарслари, муҳокама доиралари ва тақдимотлар давомида барча университетлар вакиллари ўзларининг илғор тажрибалари билан алмашишди.
Ўзбекистон делегацияси Ҳиндистоннинг 10 дан ортиқ ўқув муассасаси вакиллари билан учрашди, икки мамлакатнинг тегишли олийгоҳлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Конференция иштирокчилари томонидан бугунги кунда олий таълим тизимига энг янги технологиялар – сунъий интеллект, вирутал реаллик, блокчейн кабиларнинг сезиларли таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Шу боис одатий таълим тизими ўтмишда қолаётгани, таълим жараёни ўзгараётгани, ОТМларни молиялаштириш модернизация қилинаётгани қайд этилди.
Конференция Ҳиндистон университетларининг турли номинациялар бўйича тантанали мукофотланиши билан якунланди.
Мавзуга оид
19:27
Покистон ва Ҳиндистонни қоплаган тутун коинотдан кўрина бошлади
19:10
Ҳиндистон фонд бозоридаги бум: молиявий инқилоб шовқини рискларни ёпиб кетяптими?
20:33 / 07.11.2024
Ҳиндистонда уч кун ичида 10 та фил нобуд бўлди
19:32 / 07.11.2024